Ўзбек миллий мақом санъати марказининг Жиззах вилояти ҳудудий бўлими жамоаси Мисрнинг Исмаилия шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро фолклор фестивалида иштирок этмоқда.
Ижодий сафар доирасида мақом йўллари, халқ куй-қўшиқлари ва миллий чолғулар ижроси орқали ўзбек халқининг бой маданий мероси намойиш этилаётир. Жиззахлик ижодкорларнинг бадиий чиқишлари фестивал иштирокчилари ва томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

***
Ғаллаорол хизмат кўрсатиш ва сервис техникумида “Китобсевар миллат” шиори остидаги тарғибот тадбирлари доирасида “Маърифатли қиз – жамият таянчи” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда қизларнинг маънавий савиясини ошириш, уларни китобхонлик ва илмга интилиш руҳида тарбиялаш, жамиятда фаол ва билимли аёл сифатида шаклланишига хизмат қилувчи фикрлар билдирилди.

Иштирокчилар китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни, тафаккур ва дунёқарашни бойитишдаги аҳамияти ҳақида фикр алмашдилар, ўқиган асарлари бўйича мулоҳазалар билдиришди. Тадбир қизлар орасида маърифат ва китобхонлик муҳитини мустаҳкамлашга йўналтирилди.

***
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарияти соҳа ходимларининг Зафаробод туманидаги тунги фаолиятини ўрганди. Ўрганиш жараёнида “Ёрқин” ва “Бўстон” маҳаллаларида аҳоли осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда профилактика ишларини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, таълим ва тиббиёт муассасалари, жамоат жойларида хавфсиз муҳитни таъминлаш ҳолати ўрганилди.
Тунги рейдлар давомида “СОС” тугмаси орқали келган чақирувларга тезкор жавоб қайтариш бўйича қўриқлаш хизмати фаолияти ҳам таҳлил этилди.

***
Зомин туман адлия бўлими томонидан “Дуоба” маҳалласида аҳоли ва айниқса ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирда Президентнинг 2025 йил 3 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.
Шу билан бирга, хотин-қизлар ва ёшлар билан манзилли суҳбатлар ўтказилиб, ҳуқуқбузарлик оқибатлари ва оиланинг тарбиядаги роли ҳақида амалий тавсиялар берилди. Бу каби тадбирлар фуқароларда қонунга ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
***
Жиззах шаҳри мутасаддилари “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида тажриба алмашинув мақсадида Урганч шаҳрида бўлиб, “Ақлли шаҳар” ахборот тизими фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ушбу жараёнда мутахассислар рақамли бошқарув, коммунал хизматлар, хавфсизлик ва транспорт соҳаларида жорий этилаётган инновацион ечимларга эътибор қаратишди.

“Ақлли шаҳар” консепцияси шаҳар инфратузилмасини рақамлаштириш, самарадорликни ошириш ва фуқаролар учун қулай шароитларни яратишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

А. Қаюмов, ЎзА мухбири