Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
19:19 / 2025-10-21

Зафаробод туманидаги Бўстон маҳалласида жойлашган 1-сонли умумтаълим мактабида “Жадидлар изидан” танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Ушбу маърифий тадбир ёш авлодни тарихий хотира ва миллий ўзликка ҳурмат руҳида тарбиялаш, жадидлар меросига қизиқишини кучайтиришга қаратилди. 

Танловда иқтидорли ўқувчилар жадидлар ҳаракати, маърифий ғоялари, ижодий мероси ва миллий уйғонишдаги роли ҳақида ўз билимларини намойиш этишди. 

***

Жиззах политехника институтида талабаларнинг бандлигини таъминлаш, уларни меҳнат бозорига тайёрлаш ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. 

Институт ректори, профессор Алишер Усманкулов “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Жиззах филиали директори Жасур Балтаев билан учрашди ва улар дуал таълим, амалиёт жараёнлари ва битирувчиларни иш билан таъминлашга оид аниқ вазифаларни белгилаб олишди. 

Ректор таълим жараёнини меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқлаштириш, битирувчиларни қобилияти ва қизиқишига қараб иш билан таъминлаш масаласи устувор вазифа эканини алоҳида таъкидлади.

***

Янгиобод туманида мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари учун “Лидерлик маҳоратини ривожлантириш” мавзусидаги масофавий курслар давом этмоқда. 

Мазкур ўқув курслари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Сингапурнинг “Marshall Cavendish Education” ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, 198-сонли буйруқ асосида амалга оширилмоқда. 

Ушбу курсда 10 нафар мактабгача таълим ташкилоти раҳбарлари иштирок этмоқда. Унда самарали бошқарув, етук раҳбарлик, инновацион ёндашувлар ва тизимли ташкилотчилик қобилиятларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

***

Зомин туризм ва маданий мерос техникуми махсус фан ўқитувчиси Амина Нурмухаммедова Ҳиндистоннинг Агра ва Нью-Деҳли шаҳарларида ўтказилган 10 кунлик халқаро малака ошириш ўқувларида қатнашиб қайтди. 

У “Ҳиндистонда туризм соҳасидаги имкониятлар ва ислоҳотлар” мавзусидаги тажриба алмашинув жараёнида туризмни ривожлантириш, маданий меросни асраш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича илғор тажрибалар билан танишди. 

Хорижадаги малака оширишдан сўнг, у техникум ўқитувчилари ва ўқувчилари учун 6 соатлик очиқ дарс ўтказди. Мазкур дарсларда халқаро амалиёт, туризм соҳасидаги глобал тенденциялар ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

***

Пахтакор туманида коррупцияга қарши курашиш бўйича навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Унда маҳаллий ҳокимлик, жамоат ташкилотлари ва мутасадди идоралар вакиллари иштирок этишди. 

Йиғилишда давлат хизматчилари ўртасида ҳалоллик ва масъулиятлиликни ошириш, коррупцияга қарши профилактик тадбирларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. 

Мутасаддилар сўнгги йилларда ҳокимлик тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар орқали бундай салбий ҳолатларнинг олди олинаётгани, бунда жамоавий масъулият, шахсий ўрнак ва очиқлик принциплари устувор бўлаётганини таъкидлаб ўтишди.

А. Қаюмов, ЎзА мухбири