Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
19:36 / 2025-10-15

Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Марҳабо, талантлар – 2025” Республика кўрик-танловида жиззахлик ёш истеъдод ўз ютуғи билан эътирофга сазовор бўлди.

Ғаллаорол туманидаги 15-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Анъанавий хонандалик” йўналиши бўйича таҳсил олаётган 3-синф ўқувчиси Лазизбек Раҳматуллаев ушбу танловда фахрли 1-ўринни қўлга киритди. 

***

Жиззах вилояти қўғирчоқ театрида 14–15 октябрь кунлари Россия Федерацияси Доғистон Республикаси қўғирчоқ театри ижодкорлари томонидан “Дюмовочка” спектакли намойиш этилди. Мазкур театр ташрифи вилоятдаги янги мавсумга бағишланган маданий тадбирлар доирасида амалга оширилди.

– Жорий йилнинг 5 октябрида биз театримизнинг 85-мавсумини очдик ва илк ижодий сафаримиз айнан Жиззах вилоятида ўтказилаётганидан мамнунмиз, – дейди Доғистон Республикаси қўғирчоқ театри бадиий раҳбари Аминат Яхьяева. – Жиззахда бизни ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олишганидан ва намойишимиз болажонларга хуш ёққанидан жуда мамнунмиз. Гастролимиз ҳали давом этади.

***

Ўқитувчилар малакасини ошириш, замонавий педагогик ёндашувлардан самарали фойдаланиш мақсадида Бахмал туманидаги 89 та умумтаълим мактабида “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” доимий равишда ўтказиб келинмоқда. 

Бу ташаббус Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 246-сонли буйруғи асосида амалга оширилмоқда. Ҳар ҳафта белгиланган кунларда ташкил этиладиган семинар, мастер-класс ва тажриба алмашинуви тадбирлари орқали ўқитувчилар ўз билим ва маҳоратларини оширишмоқда.

***

Зомин туманидаги “Лайлак уя” МФЙ ҳудудида жойлашган ЗМ1-6 каналида олиб борилаётган бетонлаштириш ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Лойиҳа орқали сув хўжалиги инфратузилмаси такомиллашиб, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга шароит яратилаётир.

Қурилиш ишларини “Тўпаланг ҲПД Ҳолдинг” МЧЖ амалга оширмоқда. Жараёнга 36 нафар малакали мутахассис, 3 та экскаватор, 1 та булдозер, 15 та автосамосвал ва 5 та махсус техника жалб қилинган. 

Шунингдек, каналга 730 дона ЛР-8 ва ЛР-10 турдаги лоток тармоқлари ўрнатилмоқда. Каналда сув йўқотиш даражаси кескин камайиб, деҳқон ва фермер хўжаликларига сув етказиб бериш самараси ошиши кутилмоқда.

***

Зарбдор туманида мактабгача таълим тизимида болалар овқатланиши сифати юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ҳамширалари, озиқ-овқат бўйича масъуллар ва етказиб берувчи аутсорсинг компаниялар раҳбарлари иштирок этишди.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор ижроси муҳокама қилиниб, болаларнинг соғлом овқатланиш тизимини янада такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Тадбирда иштирок этган туман прокурори Р.Машарипов ва тегишли идоралар вакиллари томонидан назорат механизмларини кучайтириш ва амалий тавсиялар берилиши таъкидланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири