Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов ташаббуси билан инглиз тили танлови ташкил этилди ва ушбу танловда ғолиб бўлган ёшлар, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар учун Дубай шаҳрида бир ҳафталик саёҳат ташкил этилди.
Ушбу саёҳат, ёшларга замонавий шаҳар муҳити, юқори технологик иншоотлар ва транспорт тизими билан танишиш имконини берди. Бунинг устига, саёҳатда қатнашган ёшлар ўзга миллат вакиллари билан мулоқот орқали инглиз тилини амалиётда қўллашга ҳам эришишди.

***
Жорий йилнинг 15 сентябридан 15 октябрига қадар республикамизда “Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий компанияси ойлиги ўтказилмоқда. Шу муносабат билан Шароф Рашидов туманида давлат тасарруфидаги обектларда, шунингдек, “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар интернет уйи ва 4-сонли ДМТТ биноларида профилактик тадбирлар ўтказилди.
Тадбирлар давомида Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ишчилар ва масъулларга ёнғин, зилзила ва ис гази каби фавқулодда вазиятлардан сақланиш учун тушунтириш ишлари олиб боришди.


***
Зомин тумани ахборот-кутубхона маркази ходимлари томонидан Абу Али Ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида “Китоб – қалб гавҳари, кўнгил зийнати” номли китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Бу кўргазма “Очиқ осмон остидаги кутубхона” лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Кўргазма давомида китобхонларга кутубхона фаолияти, унинг адабиётлари, уларни олиш ва фойдаланиш тартиби ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шу билан бирга, кўргазмада намойиш этилган китобларга библиографик шарҳлар берилди ва китобхонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

***
Пахтакор туманида кўп қаватли уйларда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда таъмирлаш жараёнларининг ҳолати, бажарилган ва бажарилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.
Тадбирда таъмирлаш ишларининг сифати ва муддатларига алоҳида эътибор қаратилиб, аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш шароитларини яратиш муҳимлиги таъкидланди.

***
Жиззах шаҳар маданият бўлими томонидан “Ўрда” экологик маданият ва истироҳат боғида “Кўча санъати ва мусиқаси” лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида 1-сонли маданият маркази ижодий жамоаси аҳолига маданий хизмат кўрсатди.
Ижодий чиқишлар, куй ва қўшиқлар билан аҳоли кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилинди.
Албатта, ушбу лойиҳа шаҳарнинг маданий ҳаётини янада бойитишга ва ёшларнинг санъатга бўлган муҳаббати ошишига хизмат қилади.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири