Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
15:30 / 2025-09-10

Фориш туманининг ахборот-кутубхона марказида “Китоб ва мутолаа ҳафталиги” доирасида “Китоб — ҳаёт йўлларини ёритувчи шамчироқ” номли ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда туманнинг Оқтом маҳалласида яшаб, ижод қилаётган шоира Саида Сиддиқова иштирок этди. У ёш китобхонлар билан учрашиб, ижод йўли, илҳом манбалари, шеър яратиш жараёнлари ҳақида суҳбатлашди ҳамда “Сабр султони”, “Тақдир” ва “Жажжи болажон” каби тўпламларидан шеърлар ўқиб берди. 

Шоира мазкур китобларини кутубхона фондига тақдим этиб, ёшлар орасида китобга бўлган муҳаббатни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

***

Арнасой туманида жорий йилдаги пахта йиғим-теримига тайёргарлик бўйича махсус йиғилиш ўтказилди. Унда Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Зафар Рўзиев, вилоят ҳокими ўринбосари Гулнора Нормуродова, Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов ҳамда вилоят прокуратурасидан масъул ходимлар иштирок этишди. 

Тадбирда фермер хўжаликлари раҳбарлари, терим отрядлари бошлиқлари, маҳалла фаоллари ва бошқа мутасаддиларга терим жараёнларини тизимли ташкил этиш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига қатъий риоя қилиш, теримни ўз вақтида ва самарали якунлаш юзасидан аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди.

***

Ғаллаорол туманида экологик ҳолат юзасидан жамоатчилик назорати асосида муҳокама ташкил этилди. Унда Халқ депутатлари туман Кенгаши котибиятида, депутат И.Маматқулов сўрови асосида Булоқбоши маҳалласидан келиб тушган мурожаат — дарё сувининг ифлосланиши ва томорқа учун сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар кўриб чиқилди.

Муҳокамада туман экология бўлими, “Зархан қуми”, “Шаҳбоз тилла балиғи” ва “Табиий қазилма” каби МЧЖ вакиллари иштирок этди. Масъулларга муаммони бартараф этиш учун 15 кунлик муҳлат берилди. 

Шунингдек, туман Кенгаши котибияти мудири Б.Қоражонов “Экологик назорат тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини тушунтириб, тадбиркорларга амалдаги қоидалар бўйича аниқ маълумотларни тақдим этди.

***

Пахтакор туманининг ободонлаштириш бошқармаси томонидан туман ҳудудида кенг кўламли тозалаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Йўл четларидаги чиқиндилар йиғилмоқда, дарахт ва ўт-ўланлар буталмоқда, мактаб, боғча ва маҳаллабоп майдончаларда тозалаш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Бошқарма раҳбарларининг таъкидлашича, аҳоли билан ҳамкорликда ҳар бир маҳаллада тоза ва озода муҳитни таъминлаш, ободонликни доимий сақлаш фуқароларнинг ҳаёт сифати ва фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

***

Жиззах шаҳрининг Сайхон маҳалласида ажримларнинг олдини олиш ва оилавий тотувликни мустаҳкамлаш мақсадида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда маҳалла фаоллари, мутасадди ташкилотлар ва оилавий психологлар иштирок этишди.

Тадбирда турмуш ортдида юзага келадиган муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари, ўзаро ҳурмат ва кечиримлиликнинг аҳамияти юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Қуръони Карим оятлари ва ҳадислар асосида никоҳнинг муқаддаслиги, сабр ва масъулият туйғуси оилада тинчлик гарови экани таъкидланди. Йиғинда ёшлар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик фаол иштирок этди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА