Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
15:42 / 2025-09-06

Фориш туманининг “Осмонсой” маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” аъзолари томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида хонадонларга ташриф буюрилди.

Тадбир давомида фуқароларга оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, томорқадан самарали фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, ушбу йўналишлардаги имтиёз ва яратилган шарт-шароитлар ҳақида ҳам маълумот тақдим этилди.

Ўрганишлар жараёнида аҳолининг яшаш шароити ва кундалик турмушдаги қийинчиликлари аниқланиб, уларни манзилли ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланди.

***

Зомин туманининг  “Қайирма” маҳалла фуқаролар йиғинида Адлия вазирлигига қарашли ташкилотлар ва бошқа мутасадди идоралар иштирокида сайёр қабул ўтказилди.

Қабулда Жиззах вилояти адлия бошқармаси, туман адлия бўлими, туман давлат хизматлари маркази, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти, шунингдек, туман электр таъминоти корхонаси, газ таъминоти бўлими, тиббиёт бирлашмаси, ФҲДЁ бўлими, кадастр агентлигининг туман бўлими ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этишди.

Маҳалла аҳолиси томонидан билдирилган мурожаатлар ўрганилиб, айримлари жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар бўйича мутасаддиларга уларнинг  ижроси юзасидан топшириқлар берилди.

***

Пахтакор туманида “Пахта–2025” мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида туман раҳбарлари томонидан фермер хўжаликлари билан учрашувлар ташкил этилди.

Учрашувларда терим мавсумини тўғри ташкил этиш, меҳнат қоидалари ва хавфсизлик талабларига амал қилиш, шунингдек, белгиланган муддатларда ҳосилни йиғиб олиш бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.

Фермерлар томонидан билдирилган муаммо ва таклифлар эшитилиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш учун барча сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар сафарбар этилмоқда.

***

Мирзачўл туманида Жиззах вилояти ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишланган семинар ташкил этилди.

Семинар давомида пахта хомашёсини етиштириш харажатларини муқобил манбалар ҳисобидан молиялаштириш, фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва рақамлаштириш, ғўза дефолиацияси тадбирларини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш, ҳокимлик ва қишлоқ хўжалиги субъектларининг ижро интизоми юзасидан ҳам фикр алмашилди.

***

Зафаробод туманидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ қабулхонасида навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди.

Қабулда тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирок этди. Аҳоли томонидан иш билан таъминлаш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, электр таъминотини яхшилаш, солиқ қарздорликларини бартараф этиш каби қатор масалалар юзасидан мурожаатлар қилинди.

Баъзи мурожаатлар жойида ҳал этилди. Қолганлари эса тегишли мутасаддиларга юборилиб, ижроси назоратга олинди.

А. Қаюмов, ЎзА мухбири