Тошкент вилоятида бўлиб ўтган “Узум сайли” халқаро фестивалида Жиззах вилоятининг миришкорлари фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Вилоят ўз миллий стенди билан иштирок этган бу йирик тадбирда узумчилигининг қадимий тарихи ва бугунги ютуқлари кенг тарғиб қилинди. Хусусан, Фориш, Зомин ва Бахмал туманларида етиштирилаётган табиий ва ширин узумлар юқори баҳоланиб, фестивал иштирокчилари томонидан катта қизиқиш уйғотди. Вилоятнинг фольклор дастури, миллий рақслари ва қўшиқлари эса тадбирга ташриф буюрган маҳаллий ва хорижий меҳмонларга ўзгача маънавий руҳ бахш этди. Жиззахнинг бой анъаналари ва меҳмондўстлиги кенг оммага намоён бўлди.


***

Зомин туманида Жиззах вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан давлат органлари ва ташкилотларининг жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда масъул ходимлар учун “Давлат ташкилотлари томонидан мурожаатлар билан ишлаш тартиби” мавзусида семинар ташкил этилди. Унда мурожаатларни қабул қилиш, уларни кўриб чиқиш жараёнлари ва жавоб бериш тартиблари ҳамда мурожаатларни кўриб чиқишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар ва амалиётда фойдаланиш учун зарур кўникмаларни янгиладилар.
***


Янгиобод тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда “Янгиобод Газ” газ таъминоти бўлими ҳамкорлигида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалий-тактик ўқув машқи ўтказилди. Машқ давомида обектда юзага келиши мумкин бўлган ёнғин ҳолатлари шартли равишда яратилди ва уларни бартараф этиш бўйича ходимларнинг малакаси оширилди. Шунингдек, ўқув машқи жараёнида махсус техника ва бирламчи ўт ўчириш воситаларини ишлатиш, жабрланганларга тез ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни хавфсиз жойга эвакуация қилиш тартиблари амалиётда бажарилди. Бундай тадбирлар маҳаллий аҳоли ва ишлаб чиқариш объектлари хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
***


Дўстлик туманида шаҳар ва туман прокурорлари, ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда маҳаллий ҳокимлик вакиллари иштирокида жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбарининг 2025 йил 18 августда қабул қилинган қарори асосида маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш ва профилактика чора-тадбирларини кучайтириш йўналишлари муҳокама қилинди. Семинарда қатнашувчилар Дўстлик туманида амалга оширилаётган ижтимоий профилактика тадбирлари билан таништирилди ва маҳалла еттилиги томонидан жамоат тартибини сақлаш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлиги таъкидланди.
***
Мирзачўл агросаноат техникумида ёшлар тарбияси ва таълим-тарбияда ота-оналар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида самимиётга тўла учрашув ташкил этилди. Тадбирда Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи майёр О. Холматов, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати ва ижтимоий ривожлантириш бўйича ўринбосари У. Рустамов, Хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосар Д. Мавлонова ҳамда ЖДПУ мактабгача таълим кафедраси доценти Г. Хамидова иштирок этди. Улар ёшлар билан боғлиқ долзарб муаммолар, истиқболли лойиҳалар ва маънавий-маърифий масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Тадбирда техникум фаолияти, битирувчиларнинг ютуқлари ҳақидаги тақдимотлар ўтказилди, ота-оналар билан очиқ мулоқотда уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. Учрашув якунида ота-она, устоз ва жамият ўртасида ҳамкорликнинг ёшлар камолоти учун муҳим эканлиги яна бир бор таъкидланди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири