Ғаллаорол туманининг марказида жойлашган “Юксалиш” дўконлар тармоғининг Ғаллаорол тумани филиалида миллийлигимизни, миллатимизга хос бўлган қадриятларни тарғибот қилиш йўналишида,“Миллий либосларимиз жилоси” ва “Миллий қадриятлар – миллат кўзгуси!” мавзуларида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга ўзбек миллий либослари намойиш этилиб, қатнашчилар билан юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикка бўлган шукроналик тўғрисида суҳбатлар ташкил этилди.
Маънавий-маърифий тадбир сўнггида намойиш этилган “Тинчлик қадри” номли видеофильм иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.


***
Шароф Рашидов туманидаги Янгиобод маҳалласининг қиёфаси тобора ўзгариб бормоқда. Маҳалладаги кўп қаватли уйларнинг фасадлари кўркам базалт билан билан қопланиб, уларнинг ташқи кўриниши яхшиланмоқда. Шу билан бирга, уйларнинг иссиқлик сақлаш қобилияти ортаётгани туфайли энергия тежамкорлиги таъминланади.
Газ таъминоти тизимида ҳам янгиланишлар амалга оширилиб, эски қувурлар алмаштирилиб, хонадонларга табиий газни узлуксиз етказиб бериш имконияти яратилмоқда.

Болалар учун майдончалар қурилиши ва маҳалланинг ободонлаштирилиши доирасида гул ва дарахт кўчатлари экилмоқда.
Бу амалий ишлар маҳаллада узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этишга, аҳолининг кундалик ҳаётини яхшилашга хизмат қилмоқда.

***
Мирзачўл туманида “Ҳоким ва битирувчи ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Туман ҳокими Ботиржон Мирзақулов ёшлар билан очиқ ва эркин мулоқот қилиб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглади.
Учрашувда таълим, касб-ҳунарга йўналтириш, чет тилларни ўрганиш ва иш билан таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Ёшлар ўз муаммоларини баён қилиш имконига эга бўлишди, масъул мутасаддилар эса ҳар бир масала бўйича аниқ вазифаларни ўз зиммасига олишди.
Тадбирда “Ёшлар баланси”, “Жасорат мактаби”, “Ибрат академияси” ва “Шунқорлар спартакиадаси” каби ташаббусларни туманда жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

***
Зомин туманидаги “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалланинг фаол аъзолари, жумладан маҳалла еттилиги томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолати ўрганилди.
Суҳбатлар чоғида ҳар бир оиланинг яшаш шароити, мавжуд муаммолари ва эҳтиёжлари атрофлича таҳлил қилинди. Уларга ечим топиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

***
Жиззах шаҳар ҳокими Комилжон Холмуродов саноат штаби аъзолари билан биргаликда “Обод” МФЙ да жойлашган “Шароф Рашидов номидаги тўқимачилик комбинати” да бўлди. Корхона пахта хомашёсини қайта ишлаб, калава ип маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, замонавий ускуналарда фаолият юритмоқда.
Ҳоким ишлаб чиқариш жараёни, меҳнат шароити ва экспорт имкониятлари билан яқиндан танишиб, корхона томонидан яратилган янги иш ўринлари, маҳсулот сифати ва ташқи бозорларга чиқиш истиқболлари билан қизиқди.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири