Ўзбекистон болалар ташкилоти Жиззах вилояти ҳудудий бўлимининг ташаббуси билан болаларнинг ахборот технологиялари ва замонавий касбларга бўлган қизиқишларини янада ошириш, уларни илмий ишланмалар билан яқиндан таништириш мақсадида Шароф Рашидов туманининг энг чекка ва олис ҳудудида жойлашган 42-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирокида Жиззах вилояти “IT Park”ига саёҳат ташкил этилди.


Саёҳат давомида болалар мазкур паркда йўлга қўйилган тўгараклар ва ўқув курслари, технологик ишланмалар билан танишишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан жавоблар олишди.
***
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари М. Нурматова ҳамда Республика “Оқила аёллар” ҳаракати етакчиси О. Мусурмонова Жиззах вилоятига келишди.

Дастлаб, Шароф Рашидов туманида бўлиб, “Оила ва хотин-қизлар маскани” фаолияти билан танишишди. У ерда маҳалла фаоллари, туман “Оқила аёллар" ҳаракати аъзолари билан учрашишди.
Шунингдек, айни кунларда оила қуриш истагида бўлган, маскандаги оила мактаби дарсларида фаол қатнашган ёш никоҳланувчиларга сертификатлар ҳам топширилди.
***
“Камбағалликдан фаровонлик сари” давлат дастури доирасида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғига бириктирилган эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Пахтакор туманининг Олтинкўл маҳалласидаги Алишер Намозов оиласида белгиланган тартибда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш чоралари кўрилаётир. Йил бошида оилага бу 33 миллион сўм кредит ажратилиб, томорқада иссиқхона қурилди ва эрта баҳорда лимон ва булғор қалампири кўчатлари экилган.


Вилоят ИИБ бошлиғи масъуллар билан бирга ушбу хонадонда бўлиб, мавжуд масалаларга эътибор қаратди. Яъни яшаш жойи учун кадастр ҳужжатини расмийлаштириш, хонадонни ичимлик суви билан таъминлаш ва табиий газ тармоғига улаш юзасидан масъулларга вазифалар юклатилди.
***
Янгиобод туманида Хитойнинг Жиззах вилоятидаги “FMWORLD Agrotech” ҳамда “FMWORLD Cotton Jizzax” МЧЖ вакиллари билан пахта етиштириш бўйича музокаралар бошланди.

Хитойлик инвесторлар томонидан ер майдонлари бориб ўрганилди. Ушбу ҳамкорликнинг Янгиобод туманида пахтачиликни ривожлантириш ва янги технологияларни жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
***
Зарбдор туманида камбағал оила реестрига киритилган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган фуқаролар билан манзилли ишлаш давом етмоқда.

Туман прокурори Р. Машарипов, Маҳаллалар уюшмасининг туман бўлими бошлиғи Т. Қодиров ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг раҳбари З. Муллажоновлар Тоза уруғ ва Оқбулоқ маҳаллаларига ташриф буюришди.
Учрашув давомида ногиронлар ва ёлғиз кексалар ҳолати ўрганилди, эҳтиёжманд оилалар билан суҳбат ўтказилди.
Бу каби ташрифлар орқали ижтимоий муаммолар жойида аниқланиб, зарур чоралар белгилаб борилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири