Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди, “Юксалиш” ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмалари, ЎзННТМА вилоят бўлими, имконияти чекланган шахслар билан ишловчи ННТ вакиллари ҳамда соҳа экспертлари иштирокида Жиззах шаҳридаги бекатлар, жамоат транспортлари ва жамоат жойларида ногиронлиги бор шахслар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида жамоатчилик мониторинги ўтказилди.
Хусусан, 80 дан ортиқ бекатда ногиронлиги бўлган шахслар тўсиқсиз ҳаракатланиши учун пандус, ёритиш чироғи, чиқинди ташлайдиган махсус идиш, ўриндиқлар ҳолатини яхшилаш бўйича мутасадди ташкилотларга таклиф ва тавсиялар берилди.


***
Мамлакатимизда хотин-қизларга яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда, Янгиобод туманида "Баландчақир нурли келажак" масъулияти чекланган жамияти Жаҳон банки томонидан ажратилган грант асосида қўзиқориннинг шампинён турини етиштиришни йўлга қўйди.
Ушбу лойиҳа орқали маҳаллада 10 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланди. Қўзиқорин етиштириш туман учун янгилик бўлиб, ушбу маҳсулотга ҳудудларда талаб юқори бўлганлиги сабабли, келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ва янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.


***
Фориш туманида ДХХ чегара қўшинлари “Ёш чегарачи” ҳарбий академик лицейига ўқишга таклиф этиш бўйича тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Унда тумандаги умумтаълим мактаблари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, ота-оналар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Тарғибот тадбирини Фориш туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элнора Умматова бошқариб борди.

Тадбир давомида иштирокчиларга “Ёш чегарачи” ҳарбий академик лицейида ўқиш жараёнлари, бу ерда лицей ўқувчиларига яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. “Ёш чегарачи” ҳарбий академик лицейи фаолиятига оид видеоролик намойиш этилди.

***
Ғаллаорол туманида “Долзарб 90 кун” ва “Ёшлар ойлиги” доирасида ёшларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида навбатдаги тадбир ташкил этилди.
Ғаллаорол тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан Олимлар маҳалласи ҳудудидаги 16-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган ёзги соғломлаштириш марказида болалар учун махсус амалий машғулотлар ва кўргазмалар ташкил қилинди.

Тадбир доирасида ёш иштирокчиларга қутқарувчиларнинг кундалик хизмат фаолияти, фойдаланиладиган асбоб-ускуналари ҳамда ёнғин-қутқарув техникалари намойиш этилди. Қизиқувчан ёшлар уларни яқиндан кўздан кечириш, саволлар бериш ва айрим жиҳозларни амалий синаб кўриш имкониятига эга бўлишди.

***
Жиззах вилояти солиқ бошқармаси томонидан солиқ қарздорларини аниқлаш ва улар билан тизимли иш олиб бориш орқали қарздорликни қисқартириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда, жорий йилнинг шу кунларида мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда “Мега-фарм ОИЛ” МЧЖга тегишли хатлов ишлари олиб борилди.

Текширув натижасига кўра, мазкур жамиятнинг амалдаги солиқ қарздорлиги 985 миллион 100 минг сўмни ташкил этмоқда.
Солиқ органлари томонидан ушбу қарзни ундириш ва тадбиркорнинг фаолиятини қонуний асосда тиклашга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири