Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
10:23 / 2025-06-26

Зомин туманининг Гулшан маҳалласи ҳудудида “Очиқ бюджет” дастури доирасида 1 миллиард 398 миллион сўм маблағ эвазига 4155 метрлик ички кўчаларга асфалт ётқизилиб, аҳоли учун қулай ва хавфсиз транспорт инфратузилмаси яратилмоқда.

Қурилиш ишлари “Лайлакуя каръер строй” масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб борилмоқда. Асфалтлаштириш ишлари белгиланган тартибда, замонавий техника ва технологиялар ёрдамида тезкор ва сифатли тарзда бажарилаяпти.

Мазкур лойиҳа маҳалла аҳолиси учун қулай шароит яратиш, йўл-транспорт ҳаракатини енгиллаштириш ва ҳудуд инфратузилмасини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

***

Зарбдор туманидаги камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш ҳамда Адлия бўлимлари ва ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи ҳамкорликда 1-сонли политехникумда навбатдаги Бўш иш ўринлари ярмаркасини ташкил этди.

Ярмаркада техникум битирувчилари, ёшлар ҳамда пробация ҳисобида турган фуқаролар иштирок этишди. 10 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар  бўш иш ўринлари билан қатнашди.

***

Фориш туман ҳокимининг молия иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шавкат Узоқов туманнинг Амир Темур номли маҳалласида хонадонма-хонадон юриб, ўзига бириктирилган ёшлар билан мулоқотда бўлди.

Мулоқот давомида ёшларни тадбиркорликка йўналтириш, бандлигини таъминлаш, истеъдодини  рўёбга чиқариш, борасида амалга оширилаётган ишлар, яратилган шарт-шароит ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, ушбу учрашувлар давомида, ёшларнинг қизиқиш ва интилишлари ўрганилди. Улар бандлигини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

***

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туман Кенгаши депутатлари маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аёллар фаоллари фаолиятини ўрганмоқда.  

Маҳалла хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун йўналтириладиган “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш ҳолати, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар билан ишлаш бўйича амалга оширилган ишлар, фаоллар зиммасига юклатилган вазифалар ижроси, соҳада учраётган муаммолар каби бир қанча масалалар депутатлар эътиборида бўлди.

Жумладан, маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан тумандаги “Аламли”, Ғафур Ғулом" ва “Кўкгумбаз” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳолатлар атрофлича ўрганиб чиқилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

***

Ўзбекистон Республикасининг Ҳарбий прокуратураси томонидан Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятлари куч тузилмалари ўртасида спортнинг кураш тури бўйича “Ҳарбий прокурор кубоги” мусобақаси ташкил этилди.

Мусобақа якунига кўра, Жиззах ва Хоразм вилоятлари ФВБ ва “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамда “Navoiyuran” ДК обектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш маркази қутқарувчилари жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади ва ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири