Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:16 / 2025-06-12

Бахмал тумани ҳокимлигида “Хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитишни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини мониторинг қилиш” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Унда вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари С.Бекмуродова,  туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Х.Боймуродова, туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими  бошлиғи З. Kўлиев ҳамда туманнинг фаол хотин-қизлари иштирок этди.

Семинар доирасида Президентимизнинг жорий йил 14 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг мазмун ва моҳияти, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида ўқув-курсларини ташкил этиш тартиби, ўқув режалари ва дастурлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилиб, ўзаро тажриба алмашилди.

***

Мамлакатимизда ҳозирда давом этаётган “Долзарб 90 кун” доирасида ёшлар билан тизимли учрашувлар ўтказилмоқда. Шу муносабат билан Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов ташаббуси билан “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.

Учрашувда шаҳар ҳокими ёшларга қаратилаётган эътибор, имконият ва ишонч ҳақида сўз юритди. Ёшларга яратилаётган шароитлар, таълим, тадбиркорлик, инновациялар ва бандлик масалалари бўйича очиқ мулоқот олиб борилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, уларни қийнаётган муаммолар ҳамда таклиф ва мулоҳазалари билан Жиззах шаҳар ҳокими билан тўғридан тўғри мулоқотда бўлишди.

***

Дўстлик тумани “Инсон”  ижтимоий хизматлари марказидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли  учун яна бир қатор  янги хизмат турлари йўлга қўйилди.   

Президентимизнинг 2025 йил 8 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Фаол ҳаётга қадам” дастури жорий этилди.  

Унга кўра, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб, ўзгалар парваришига муҳтож вояга етган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида қуйидаги 5 турдаги янги ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилди. Эндиликда уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш, тиббий-ижтимоий реабилитация, кундузги қатнов асосида қараб туриш ҳамда шахсий ёрдамчи хизматлари жорий этилди.

***

Фориш туманида маданият масканлари ходимлари иштирокидаги “Гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги” доирасида гиёҳвандлик ва унинг аянчли оқибатлари, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп воситаларининг тарқалишининг  олдини олишга бағишланган тадбир ташкил этилди.

Тадбирда туман маданият бўлими бошлиғи М. Нарқозоқов “ХХ аср – вабоси” дея эътироф этилаётган гиёҳвандлик, унинг аянчли оқибатлари ёшлар ўртасида психотроп моддалари тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши кураш юзасидан батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Тадбирда ёшлар ўртасида маданий-маърифий тадбирларни янада кучайтириш, маҳаллаларда ёшлар иштирокида давра суҳбатлари, учрашув ва бошқа кўнгилочар тадбирларни ташкил этиб бориш юзасидан келишиб олинди.

***

Зомин туманида соғлом ва мустаҳкам оилаларни шакллантириш, ёшларнинг оила ҳаётига онгли ва масъулиятли ёндашувини таъминлаш мақсадида “Ёш келин-куёвлар мактаби” доирасида навбатдаги ўқув-машғулотлари ташкил этилди.

Мазкур тадбир туман оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда туман ФҲДЁ бўлими билан ҳамкорликда ўтказилди.

Машғулотларда янги оила қуришга тайёрланаётган йигит-қизлар, шунингдек, ёш оилалар иштирок этди. Мутахассислар томонидан оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, ажралишларнинг олдини олиш, соғлом муҳитда фарзанд тарбиялаш, оила бошқарувида ўзаро ҳурмат ва сабр-тоқатнинг аҳамияти ҳақида муҳим маърузалар ва очиқ суҳбатлар ўтказилди.

Давра суҳбатлари давомида ёшлар оила ҳаётида учраши мумкин бўлган муаммолар юзасидан фикр алмашишди, реал ҳаётий мисоллар асосида тавсиялар берилди.

Тадбир якунида ўқув машғулотларини муваффақиятли тамомлаган бўлажак келин-куёвларга махсус сертификатлар топширилди.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири