Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
17:14 / 2025-05-26

Жиззах вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва бизнес вакилларига амалий ёрдам кўрсатишга бағишланган учрашув ташкил этилди.

Республика Бизнесни ривожлантириш банки раиси ўринбосари Баҳромхўжа Шарипов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ижроия қўмитаси бошқарма бошлиғи Баҳодир Тошматов, ушбу тизимларнинг вилоятдаги раҳбарлари ҳамда воҳадаги фаол тадбиркорлар иштирок этган учрашувда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятида учраётган муаммоларни аниқлаш ва ижобий ҳал этиш борасида фикр алмашилди.  

Иштирокчилар банк хизматлари, молиявий ресурсларга эришиш, ҳудудий инфратузилмани такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва мурожаатларини билдирди.

***

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 26 сентябрдаги “Иссиқхона хўжаликлари фаолиятини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Арнасой туманида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, туманнинг Бўстон маҳалласида аҳоли ташаббуси билан 2 гектар ер майдонида замонавий иссиқхоналар ташкил этилди. Айни пайтда ушбу иссиқхоналарда помидор, бодринг, турли хил кўкатлар ва бозорда талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Бу эса нафақат маҳаллий эҳтиёжларни қондиришга, балки ортиқча маҳсулотларни бозорга чиқариш орқали аҳолининг даромадини оширишга хизмат қилмоқда.

Маҳалла раиси ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан аҳолининг тадбиркорликка жалб этилиши, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Бу орқали аҳоли бандлиги таъминланиб, ижтимоий барқарорликка ҳисса қўшилмоқда.

***

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича “Долзарб 30 кун” тадбирлари доирасида Ғаллаорол туманида жойлашган “Маржонбулоқ олтин бойитиш” акциядорлик жамияти ҳудудида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганда хизматлараро ҳамкорликни синовдан ўтказиш мақсадида махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди.

Машғулотда АЖ раҳбарияти, ФВБ ходимлари, “Тез тиббий ёрдам” ва бошқа тегишли хизматлар шартли ҳолатда ҳаракатга келтирилди. Воқеа жойида қутқарув, эвакуация ва ёнғин ўчириш ишлари изчил амалга оширилди.

Тадбир якунида иштирокчиларнинг ҳаракатлари баҳоланиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

***

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Жиззах вилоят ҳудудий шуъбаси томонидан Бахмал туманида жисмоний ва юридик шахслар учун сайёр қабул ўтказилди.

Унда фуқаролар ва юридик шахслар ҳамда корхона ва ташкилотларнинг интернет тармоғини яхшилаш, тоғли ҳудудлардаги аҳоли яшаш жойларида мобил ва симли алоқа воситаларининг сифатини ошириш, янги телекоммуникация тармоқларини барпо этиш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида назоратни кучайтириш ҳамда рақамли телевидение қамровини кенгайтириш юзасидан мурожаатлари тингланди.

Қабул якунида мутасаддиларга олис, тоғли ҳудудларни мобил алоқа билан таъминлаш, айниқса, туризм объектларида wi-fi тармоғини кенгайтириш ҳамда мурожаатларнинг ижобий ечими юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

***

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги спорт мактаби ўйингоҳида “Янги Ўзбекистон – Олимпия чўққилари” спорт мусобақасининг учинчи минтақавий босқичи доирасида енгил атлетика йўналишидаги беллашувлар бўлиб ўтди.

Мусобақада Шароф Рашидов, Пахтакор ва Зафаробод туманларидан келган минг нафардан ортиқ ёш спортчи иштирок этди.

Мусобақа якунида ғолиб спортчилар Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбоев, Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев ва бошқалар томонидан тантанали тарзда тақдирланди.

Мазкур мусобақа вилоятда спортнинг оммалашуви ва ёш авлодни соғлом ҳаёт сари етаклашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири