Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
15:39 / 2025-03-18

Зарбдор туманида хотин-қизларни “Ипак қурти парваришлаш ва тутчилик соҳасига оид замонавий технологияларга ўқитиш” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Семинарда туман ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи С.Каримова, шунингдек, “Агропилла” МЧЖ раҳбари Ю.Ўтаганов иштирок этиб, ипакчилик соҳаси бўйича зарурий маълумотлар ва амалий тажрибалар билан ўртоқлашди.

Тадбир давомида замонавий ипак қурти парваришлаш технологиялари, тутчиликни ривожлантириш усуллари, юқори сифатли пилла етиштириш сир-асрорлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.

***

Арнасой тумани Ғафур Ғулом маҳалласидаги 4,5 гектар майдонни ўз ичига олган “Янги Ўзбекистон жамоат парки”да туман ҳокими ташаббуси билан “Яшил макон” дастури доирасида арча, ясин, лола дарахти, қайрағоч, чинор, эман каби манзарали дарахт кўчатларини экиш акцияси бўлиб ўтди.

Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов ўз оиласи билан ушбу жамоат паркига манзарали дарахт кўчатларини экишни бошлаб берди.

Дарахт кўчатларини экиш акциясида туман ташкилотлари ҳамда экологик партия фаоллари ҳам иштирок этди. Туманда “Яшил макон” дастури доирасида кўчат экиш ишлари давом этмоқда.

***

Ғаллаорол туманининг “Ўзбекистон” ва “Узунбулоқ” МФЙлари ҳудудида маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳамда ўқувчи- ёшлар иштирокида “Мен фарзандимга китоб совға қиламан” шиори остида китобхонлик тадбири ўтказилди.

Тадбир давомида иштирокчилар учун ўзбек адабиётининг энг сара асарлари кўргазмаси ва савдоси ташкил этилди. Ота-оналар томонидан харид қилинган бадиий адабиётлар жамланмаси фарзандларига совға сифатида топширилди.

“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Ушбу лойиҳадаги тадбирлар туман ҳудудлари бўйлаб давом этмоқда.

***

Дўстлик тумани Бунёдкор маҳалласида сайёр қабул бўлиб ўтди.

"Оғир ҳудуд" дея эътироф этилган мазкур маҳалладаги сайёр қабулда Республика ишчи гуруҳи аъзолари, туман ҳокимлиги, Халқ қабулхонаси масъуллари ва бошқалар иштирк этди.

Унда аҳоли томонидан 20 дан ортиқ коммунал, соғлиқни сақлаш, ер масаласи, иш билан таъминлаш бўйича мурожаатлар бўлиб, уларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ижобий ҳал қилинди. Ечими маълум вақт талаб этадиган мурожаатлар тегишли соҳа вакиллари назоратига олинди.  

[gallery-22320]

***

Ҳудудларда “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги” доирасидаги профилактик тадбирлар олиб борилмоқда.

Хусусан,  Жиззах, Хоразм, Бухоро ва Наманган вилоятларида аҳоли ўртасида қрим-конго геморрагик иситма касаллиги тарқалишининг олдини олиш юзасидан ўтказилган махсус-тактик ўқув машқлари бунга яққол мисол бўла олади. Унда соҳа ходимлари касаллик билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг содир бўлиши олдини олишда ва касалланганда унинг оқибатларини бартараф этиш юзасидан амалий ҳаракатлар бажарилиб, кўникмаларини мустаҳкамлади.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири