Ўзбекистонда атом энергетикаси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, жумладан, “Росатом” билан тузилган шартномага кўра, Жиззахда 330 МВт қувватга эга кам қувватли кичик атом электр станциясини қуриш бўйича халқаро консорсиум ташкил этиш режалаштирилган. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев маълум қилди.
“Ўзатом” агентлиги раҳбарининг таъкидлашича, қурилишда Россия технологияларидан ташқари Хитойнинг ноядро технологиялари, Европанинг турли дастурий таъминот ва аппарат воситаларини ҳам қўллаш режалаштирилган.
Шунингдек, “Ўзатом” агентлиги МАГАТЕ билан малакали кадрлар тайёрлаш ва мамлакатда атом энергетикаси лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида хавфсизликни таъминлаш бўйича алоҳида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиққан.
Келгуси беш йилда эса яна 25 гигаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари барпо этилади. Буларнинг ҳисобига йилига 64 миллиард киловатт соат “яшил” энергия олинади. Умуман, 2030 йилга бориб, жами генерацияда “яшил энергия” улушини 50 фоиздан ошириш мақсад қилинган.
***
Жиззах вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Зафар Азимов вилоятдаги “Саноатқурилишбанк” ва “Агробанк”да ҳисоб рақами бўлган экспортёр тадбиркорлар билан учрашди.
Унда тадбиркорлар ўз фаолиятларида дуч келаётган муаммолар, молиялаштириш, кредит ажратиш ва экспорт жараёнларида учраётган тўсиқлар ҳақида фикр билдириб, бизнесни ривожлантириш бўйича ўз таклифларини ҳам баён этди.
Мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида масъул идора вакилларига аниқ топшириқлар берилди. Банк ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, молиявий ёрдам механизмларини соддалаштириш ҳамда экспорт жараёнларини тезлаштириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
***
Жиззах вилоят солиқ бошқармасида яширин иқтисодиётнинг олдини олишга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги, прокуратура, иқтисодий йўналишдаги ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, бошқарманинг шахсий таркиби ҳамда онлайн тарзда ҳудудий давлат солиқ инспекциялари раҳбар ва ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда давлат хизматлари соҳасини ривожлантириш ва 2025 йилга мўлжалланган муҳим вазифалар муҳокама қилинди. “Конверт”да ойлик тўлаётган тадбиркорларга нисбатан янги чоралар кўрилиши ва назоратнинг кучайтирилиши эълон қилинди.
Бу ўзгаришлар иқтисодий барқарорликни таъминлаш, тадбиркорликнинг шаффофлигини ошириш ва давлат бюджетини таъминлаш учун муҳим қадам бўлиб, солиқ тушумларининг ошишига олиб келади.
***
Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи У.Мустафоев 2024 йилда вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳолати ва бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, идоралар, жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги борасида амалга оширилган ишларнинг аҳволи ва келгусидаги чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган идоралараро йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда туман ва маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича ишлаб чиқилган “йўл харитаси” ижроси, туман штаби аъзоларининг ўзларига юклатилган вазифаларни бажариш, ҳудудларда айрим тоифадаги шахслар билан профилактик тадбирлар олиб борилиши ва бошқа масалалар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, янгича ёндашувлар асосида ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ҳамда кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан мутассадиларга ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан аниқ манзилли топшириқлар берилди.
***
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, Жиззах вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир маҳаллаларнинг инфратузилмасини яхшилаш, у ердаги ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш юзасидан Жиззах вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Ф.Артиков ва ишчи гуруҳи томонидан белгиланган ҳудудларда ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
[gallery-21780]
Хусусан, бу борада Мирзачўл туманидаги “Tошкент”, “Боғбон” ва “Ипак йўли” МФЙларида қарийб 50 нафардан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланиб, 100 нафарга яқин ишсиз фуқарога имтиёзли кредитлар ажратилиши юзасидан тизимли ишлар олиб борилди. Маҳаллаларнинг инфратузилмасини яхшилаш мақсадида жорий йилда жами 193 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Божхона масъуллари томонидан мазкур йўналишларда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш, юзага келган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири