Бахмал туман ҳокимлиги ташаббуси билан Ўсмат шаҳарчасида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театр репертуаридан ўрин олган “Қайтар дунё” спектакли намойишини тумандаги барча ташкилот ва муассасалар ходимлари, уларнинг оила аъзолари ҳамда “Н” ҳарбий қисмнинг ҳарбий хизматчилари томоша қилди.
[gallery-21766]
Томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган спектаклда оилани мустаҳкамлаш, бахтли ҳаёт кечиришни таъминлаш, фарзандларни тўғри тарбиялаш каби муҳим жиҳатлар ҳақида ҳикоя қилинади. Намойиш барчада чуқур таассурот қолдирди.
***
Жиззах гарнизонидаги “Н” ҳарбий қисмида вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари ҳамда ўрта махсус таълим муассасаларининг 612 нафар чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси учун бир кунлик ўқув йиғини ўтказилди.
Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Жиззах мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари иштирокида ташкил этилган ушбу йиғин танқидий руҳда ўтиб, ўқувчиларнинг бошланғич тайёргарлик фанини чуқур ўзлаштириш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар, моддий- техник базасини яхшилаш бўйича ҳисоботлар таҳлил этилди.
Шунингдек, соҳа вакиллари зиммасига юклатиладиган масъулият ва жавобгарлик, она Ватанга садоқат, фидойилик борасида тушунчаларни ёшларга чуқурроқ англатиш лозимлиги таъкидланди.
***
Зомин тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шуъбаси ҳамда психологлар гуруҳи бош мутахассиси томонидан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган васийлик, ҳомийлик ва патронат(оила тарбияси)га олинган болаларнинг руҳиятини кўтариш, ўзига бўлган ишончини орттириш, мулоқотга киришувчанлигини ошириш мақсадида “Ўзингни кашф эт!” деб номланган тренинг ташкил этилди.
Тренингда марказнинг психологлар гуруҳи бош мутахассиси томонидан болаларнинг руҳий ҳолатини аниқлаб берувчи қизиқарли сабоқлар ва арттерапия машқлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
***
Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Х.Ҳамдамова улуғ мутафаккир шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига бағишланган “Навоий ёди ила яшаймиз мудом!” деб номланган маънавий-маърифий тадбирда “Нега Навоийни кўп ўқиш керак?” мавзусидаги маърузаси билан қатнашди. Адабиётшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва ўқувчилар маърузани катта эътибор билан тинглади.
Шунингдек, ЖизПИда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан “Бобур – шоҳ ва шоир” деб номланган бадиий кеча бўлиб ўтди. Шоҳ ва шоир илмий ва бадиий меросининг ёшлар тарбиясидаги ўрни, аҳамияти ҳақидаги ушбу тадбирда ҳам шаҳар Кенгаши депутати Х.Ҳамдамованинг маърузаси катта қизиқиш билан тингланди.
Талабалар ўртасида Навоий ва Бобур ғазаллари бўйича баҳри байт ўтказилди, фаол иштирокчиларга бадиий китоблар совға қилинди.
***
Зафаробод туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари “Писталикент” МФЙда истиқомат қилувчи ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олдилар.
2 нафар биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга қараб туриш далолатномасини расмийлаштиришга ва бирининг протез-ортопедия мосламасига, бир нафар иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаронинг даволанишга бўлган эҳтиёжи борлиги аниқланди.
Марказ томонидан ушбу фуқароларга режа асосида ижтимоий хизматлар кўрсатилиши ва протез-ортопедия мосламаларининг етказиб берилиши белгиланди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири