Зарбдор тумани ҳокими Бекзод Ташпўлатов ва секторлар раҳбарлари туман марказида фаолият олиб борувчи тадбиркорлар билан учрашиб, бугунги кунда уларни қийнаётган муаммо, камчилик ва таклифларини тинглади.
Тадбиркорлар томонидан билдирилган мурожаатлар қайд этилиб, долзарб бўлган муаммоларга ижобий ечим топиш мақсадида соҳа мутахассисларига аниқ топшириқ ва вазифалар юклатилди ва ижроси ҳоким назоратида бўлиши таъкидлади.
[gallery-21457]
Шундан сўнг туман ҳокими Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасида тадбиркорлик объектларига кузатув камераларини ўрнатиш борасида тавсияларини билдирди.
***
Дўстлик туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экишда белгиланган талаб ва меъёрга амал қилиниши натижасида экилган кўчатлар деярли тўлиғича униб- ўсиб турибди.
Эрта баҳорги кўчат экиш мавсумида туман меҳнаткашлари одатдагидек кўчатларни бўш ҳудудлар: дала, йўл четлари, корхона, ташкилот ва муассасалар ҳовлиларига экишни режалаштирган.
Жорий йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқдисодиёт йили” муносабати билан тумандаги “Қаҳрамон”МФЙ “маҳалла еттилиги” ҳамда “Қаҳрамон маҳалла сервис компанияси” томонидан сифатли ва арзон кўчатлар савдо ярмаркаси ташкил этилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ярмаркада чўл шароитига мос унувчан мевали ва манзарали кўчатлар харидорларга таклиф этилди. Эътиборлиси, бундай сифатли, арзон кўчатлар савдо ярмаркаси туманнинг барча маҳаллаларида ўтказилиши режалаштирилган.
***
2024 йилнинг 13 декабрида Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудлар марказларида ва аҳоли гавжум жойларда ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдо ярмаркаларини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Шароф Рашидов туманидаги 6-сонли ўрта мактабда Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят бошқармаси, Ижтимоий агентлик Шароф Рашидов туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этган ярмаркада ногиронлиги бор тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Мазкур савдо ярмаркасини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ногиронлиги бўлган фуқароларни ҳам руҳан, ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда тегишли меҳнат шароитлари ва ўз навбатида уларнинг даромад манбалари мутаносиб равишда ошиб бораётганини кенг халқ оммасига етказишдан иборатдир.
***
Миллий гвардия Жиззах вилояти бошқармаси ва чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида Бахмал тумани умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Ватан остонадан бошланади” мавзусида ватанпарварлик ва спорт мусобақалари ўтказилди.
Мазкур мусобақада ўқувчи- ёшлар ўртасида спортнинг стол тенниси, арқон тортиш ва армрестлинг беллашувлари ўтказилиб, ўқув қуролларининг техник-тактик характеристикаси бўйича тушунча ва маълумотлар берилди.
Шунгдек, тадбир жараёнида Миллий гвардия бошқармаси ва чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ўқувчиларга кўргазмали чиқишлар, хизмат итларидан фойдаланиш машғулотлари амалда кўрсатиб берилди. Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди.
***
Фориш туман ИИБда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда 2024 йил давомида туманда жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар ижроси, бу борада амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида йўл қўйилган хато ва камчиликлар алоҳида таъкидлаб ўтилиб, масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишида мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири