Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиалида сайловолди тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирда Сайлов кодексига киритилган сўнгги ўзгартиш ва янгиликлар, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари билан қўйиладиган талаблар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловининг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида талабаларга атрофлича маълумотлар берилди.
[gallery-19328]
Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
***
Фориш туманида кейинги йилларда туризм соҳасини изчил ривожлантириш, янги туризм объектларини ишга тушириш борасида хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Тумандаги “Дўстлик”, “Ўхум”, “Сайёд”, “Учқулоч” маҳалла фуқаролар йиғинларида меҳмонхоналар, туризм ва хизмат кўрсатиш масканлари, туристик даволаш- соғломлаштириш мажмуаси, хостел ҳамда оилавий меҳмон уйлари бунёд этилди.
Ўтган 2023 йилда умумий қиймати 5 миллиард 787 миллион сўм, шундан 1 милллиард 787 миллион сўм ўз маблағлари, 4 миллиард сўм банк кредит маблағлари ҳисобидан 2 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди.
***
“Туризм қўмитаси тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора тадбирлар дастури” ижросини таъминлаш мақсадида Зомин туризм ва сервис коллежида 50 нафардан ортиқ битирувчи ёш иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Ушбу учрашувда Жиззах вилояти туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизбек Эгамбердиев ҳамда Туризм ва сервис коллежи директори Гўзал Ҳайитқуловалар вилоятда, жумладан, Зомин туманида туризм соҳасини ривожлантиришда бир қатор ишлар амалга оширилаётгани, янги туризм объектлари барпо этилиб, янги иш ўринлари яратилаётгани ва ушбу иш ўринларига айнан мазкур коллеж битирувчилари жойлашиши учун катта имкониятлар мавжудлиги хусусида гапириб берди.
“Раҳбар ва ёшлар” учрашувида коллеж ўқувчилари томонидан вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди ва улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
***
Ўсмат шаҳарчасида Жиззах вилояти прокурори Бахтиёр Иброҳимов томонидан Бахмал ва Ғаллаорол туманларида фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш ва ўз вақтида ҳал этиш мақсадида учрашув ташкил этилди.
Унда 23 нафар тадбиркор томонидан фаолиятида юзага келган 21 та масала бўйича мурожаат кўтарилиб, шундан 8 нафар тадбиркорнинг мурожаатлари жойида ўз ечимини топган бўлса, қолган 13 та мурожаат қўшимча ўрганиш талаб этганлиги боис, масъулларга йўналтирилиб, ҳар бир мурожаат қатъий назоратга олинди.
***
Ғаллаорол тумани ахборот-кутубхона марказида тумандаги энг фаол китобсевар хотин-қизлар иштирокида “Китобхон она” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда ёшларнинг китоб ўқишга қизиқишини янада ошириш, оилаларда китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича очиқ мулоқот ташкил этилиб, унда оналарга фарзандларининг китобга меҳр қўйишлари учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги тўғрисида фойдали тавсиялар берилди.
***
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Мирзачўл ва Арнасой туманларида ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги ҳамда пахта теримида иштирок этаётган ҳашарчиларга яратилган шароитлар ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар билан танишди.
Жумладан, вилоят ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари Мирзачўл тумани мутасаддилари билан мулоқотда ҳаракат хавфсизлиги, юк ташувчи автомашиналар ва тиркамали техникаларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши, жамоат тартибини сақлаш масалаларига эътибор қаратди. Шунингдек, умумтаълим мактабларининг куз-қиш мавсумига тайёрлигини ўрганиш чоғида иситиш қозонхоналари, зарур ёқилғи маҳсулотларининг сақланишига ҳам жиддий эътибор қаратди.
Арнасой туманида ҳам пахта йиғим-терими даврида йўл ҳаракати ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларини мавсумга тайёрлаш борасидаги ишлар кўздан кечирилиб, юзага келган муаммоларни қисқа муддатда ҳал этиш кераклиги юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири