Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектр йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Зарбдор тумани ҳокими Зафар Рўзиев “Ёшлик” МФЙда даромади паст оилаларнинг турмуш шароити билан танишди.
Туман ҳокими даромади кам хонадонларда бўлиб, оилаларнинг муаммолари юзасидан суҳбатлашди, уларнинг мавжуд имкониятлари ўрганилган ҳолда даромадларини ошириш, бандлигини таъминлаш борасида таклифлар берди ва камбағалликдан чиқариш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
***
Арнасой туманида таълим самарадорлигини ошириш билан бир қаторда умумтаълим объектларида таъмирлаш, куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, тумандаги 5-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида иссиқлик тизими, мактабининг фасад қисми, ички ва ташқи йўлакчаларининг яроқсиз ҳолга келиб қолган жойлари таъмирланмоқда.
Шунингдек, тумандаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳам йиллар давомида таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги боис, дастур асосида 5 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилиб, “Бўстон монтаж таъмири” МЧЖ томонидан капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
***
Дўстлик туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактабида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ижодий ишлар кўргазмаси намойиш этилди.
Шунингдек, спорт йўналишида халқаро мусобақалар ғолиблари ва робототехника йўналишида фахрли 1-ўринни эгаллаган тўгарак аъзолари тақдирланди.
Тадбирда туман ҳокимлиги, туман мактабгача ва мактаб таълим бўлими маъсуллари ҳамда тўгарак раҳбарлари ва тўгаракларга аъзо ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Ушбу тадбир доирасида “Баркамол авлод” болалар мактаби санъат тўгараги аъзолари томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.
***
Республика ишчи гуруҳи вакиллари Жиззах вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ташкил этилган штаб фаолияти билан танишиб, шаҳар ва туманларда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш юзасидан зарурий кўрсатмалар ҳам беришмоқда.
Ишчи гуруҳи аъзолари, жумладан, Ғаллаорол туманида ташкил этилган штаб фаолиятини яқиндан ўрганди. Мазкур ўрганиш давомида штаб масъулларига куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш юзасидан зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.
***
Жиззахда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал қилишга қаратилган сайёр қабул вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари И.Аббосов иштирокида бўлиб ўтди.
Унда бугунги кунда тадбиркорларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар, улардан унумли фойдаланиш, шунингдек, соҳада учраётган муаммо ва камчиликларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиб, зудлик билан бартараф этиш бўйича мулоҳазалар илгари сурилди.
Шунингдек, божхона соҳасида экспортёр-импортёр корхоналар учун жорий қилинган янги замонавий тизимлар ва уларнинг қулайлиги, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими ҳамда унинг афзалликлари хусусида ҳам тадбиркорларга тушунчалар берилди. Мулоқот давомида тадбиркорларнинг соҳа ривожи йўлидаги таклиф ҳамда фикрлари тингланди.
[gallery-19283]
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири