Жиззах вилояти Агрохизматлар маркази масъул ходимлари томонидан Ғаллаорол туманидаги маҳаллаларда ер олиш истагида бўлган ёшлар учун “Ёшларга ер ажратиш” мавзусида ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
Семинарда Агрохизматлар маркази ходимлари, туман ҳокимлиги ва Ғаллачилик илмий- тадқиқот институти раҳбар ва вакиллари иштирок этиб, ердан унумли фойдаланиш ҳамда йилига 2-3 марта ҳосил олиш бўйича илмий асосланган тавсиялар беришмоқда.


***
Хитой Халқ Республикасининг бир гуруҳ йирик ишбилармонлари хизмат сафари билан Дўстлик туманига келди.
Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши тизимидаги сутни қайта ишлашга ихтисослашган “DosMilk” корхонасида хитойликлар билан расмий учрашув ташкил этилди.
Учрашувда ўзаро тажриба алмашиш масалалари билан бир қаторда ҳамкорликдаги лойиҳалар ва тажриба майдонлари ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.


***
Мирзачўл тумани Маданият марказида ахборот-кутубхона маркази томонидан маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағларга сотиб олинган янги адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазмага мамлакатимизнинг етакчи нашриётлари томонидан чоп этилган бадиий адабиётлар, илмий нашрлар ва жаҳон адабиётини ўзида жамлаган “Жаҳон ва ўзбек адабиёти кутубхонаси дурдоналари”дан ташкил топган 170 дан ортиқ китоб қўйилди.


***
Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Ойбек Ашурматов ҳамда Зафаробод тумани ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов 2024 йил пахта ҳосили учун чигит экиш мавсуми олдидан сектор раҳбарлари, тумандаги кластер ва фермер хўжаликлари вакиллари иштирокида кўргазмали семинар ўтказди. Унда мавсум учун техникаларни шай ҳолатга келтириш, фермер хўжаликларига зарур техникаларни харид қилиш учун кўмаклашиш масаласи муҳокама қилинди ва уларнинг бу борадаги муаммолари тингланди.
Шунингдек, чигит экиш мавсумини қисқа муддатда уюшқоқлик билан ўтказиш, агротехник тадбирларни тўғри амалга ошириш, чигитни хатосиз, соғлом ва эрта ундириб олиш, ғўза парвариши ва уни зараркунандалардан ҳимоя қилиш билан боғлиқ чора-тадбирлар ҳам белгилаб олинди.

***
Янгиобод туманида томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали аҳоли даромадларини ошириш юзасидан ҳар бир маҳаллада масъуллар томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
“Сармич” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам аҳолининг шахсий томорқадан самарали фойдаланиш кўникмаларини янада ошириш мақсадида намунали томорқа эгаси Новвотой Юнусова хонадонида амалий семинар ташкил этилди.
Иштирокчилар, маҳалла хотин-қизлари ушбу хонадон томорқасидаги очиқ майдонда ва иссиқхонада ташкил этилган ишлар, етиштирилаётган турли хил экинлар билан яқиндан танишиб, зарурий кўникма ва тажрибаларга эга бўлди.


А.Қаюмов, ЎзА мухбири