Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
10:32 / 2024-03-12

Шароф Рашидов тумани “Жиззахлик” МФЙда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) молиявий кўмаги ёрдамида “Аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш” лойиҳаси доирасида Жиззах вилояти “Istiqlol Avlodi” ИИҲҚҚМ томонидан “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан рўйхатдан ўтган фуқаролар, аҳоли вакиллари билан учрашув ва сайёр қабул ўтказилди.

Учрашувда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, ҳуқуқшунос ва руҳшунос томонидан ҳуқуқий ва руҳий ёрдамлар кўрсатилди.

***

Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбоев бошчилигидаги вилоят ички ишлар, ДХХ ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари, вилоят бошқармалари ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Ғаллаоролда туман ёшлари билан учрашди.  

Учрашувда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ўқитиш ва касб-ҳунарга йўналтириш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди ва ёшларнинг қизиқишларини, интилишларини қўллаб-қувватлаш ва зарур қулайлик яратиш борасидаги ишлар таҳлил қилинди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар томонидан билдирилган мурожаатлар ижроси юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

***

Жиззах вилояти ИИБда вилоят ички ишлар органларининг жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятларни фош этиш борасидаги жорий йилнинг икки ойлик фаолияти муҳокама этилди. Вилоят ИИБ, ҳудудий ИИБ ва бўлимлари ҳамда соҳавий хизматлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида ўтган йиғилишни вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майёр Ғайрат Қодиров бошқариб борди. Видеоалоқа тарзида ўтган тадбирда бошқарма бошлиғи ўринбосарларининг ахборотлари эшитилииб, эришилган натижалар ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинди.

Якунда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятларни фош этиш борасида келгусида амалга оширилажак ишлар белгилаб олинди.

***

Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, динлараро ҳамда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш бўйича Дин ишлари бўйича қўмитанинг Арнасой тумани бош мутахассиси Ғулом Сайдуллаев, туман ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлими бошлиғи Умит Сайпиллаев томонидан Арнасой туман молия  бўлими ходимлари ўртасида “Жаҳолатга қарши маърифат” тадбири ўтказилди.  

Тадбир жараёнида йиғилиш иштирокчиларига “Соҳта даъволар” номли видеоролиги қўйиб берилиб, фуқароларга юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга диний тус бериш, сохта ғояларни асл диний қадриятлар сифатида талқин қилиш ва аҳоли орасида носоғлом ақидаларни ва носоғлом фикрларни сингдириш ҳолатлари кузатилаётганлиги тушунтирилди.

Диний-маърифий соҳани янада такомиллаштириш, жамиятда  “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган улуғвор ғоя асосида диннинг инсонпарварлик, эзгулик ва тинчлик каби фазилатларини ҳамда диний бағрикенглик руҳини кенг тарғиб қилиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда оила муқаддаслиги юзасидан тушунчалар бериб ўтилди.  

Шунингдек, янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги  қонуннинг мазмун- моҳияти юзасидан тушунчалар берилди.

***

Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов Жиззах вилоятида бўлиб,  Шароф Рашидов тумани спорт мактаби фаолияти билан танишди.

Спорт вазири Адҳам Икрамов ва туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев иштирокида ушбу туман спорт мактаби фаолияти кенг таҳлил қилиниб, натижалари сарҳисоб этилди. Юзага келган мавжуд камчиликлар юзасидан мутасаддиларга бир қатор топшириқлар берилди.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири