Бахмал тумани ҳокимлигида вилоят солиқ бошқармасининг етакчи мутахассислари иштирокида ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш ҳамда ўрта, қониқарли ва қуйи барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлик субъектларининг рейтингдаги кўрсаткичларини яхшилашдир. Тадбирда ўнга яқин иштирокчининг мурожаати тингланиб, уларнинг 4 таси жойида ҳал этилган бўлса, 2 нафар тадбиркорга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.


***
Жиззах вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирокида хизмат интизоми ва қонунчилик бузилишининг олдини олишга қаратилган йиғилиш ўтказилди.
Республика ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими ҳамда вилоят ИИББ ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда ички ишлар органлари ходимларининг ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини, маънавий савиясини ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш билан бирга ходимларнинг хизмат шароитларини янада яхшилаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар хусусида сўз борди. Тадбир давомида мавзуга оид видеоролик намойиш этилиб, кузатилаётган баъзи нуқсонларни бартараф этишга доир таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

***
Республика Ташхис марказининг ишчи гуруҳи Мирзачўл туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли иккинчи хорижий тил ва иккита касбга ўқитишга танланган 1-,8- ва 18-умумтаълим мактабларида бўлди. Ишчи гуруҳ мактаблардаги касб хоналарини тадбиркорларга беришни ва қўшимча тўгарак жараёнларига ўқувчилар жалб этилиши бўйича ўз таклифларини берди.
Ишчи гуруҳ 1-сонли мактабда ташкил этилган кулолчилик ҳунари ва 18-сонли мактабда тадбиркор томонидан ўргатилаётган тикувчилик хоналаридаги жараёнлардан мамнунлигини билдирди. Ўрганиш жараёнлари тумандаги бошқа умумтаълим мактабларида ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган.



***
Янгиобод туманида ёшларга оид давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, уларнинг муаммоларини тизимли асосда ўрганиб, ечим топиш, шу билан бирга, ёшларнинг ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Янгиобод касб-ҳунар мактабида туман ИИБ бошлиғи Ш.Аҳмедов, туман ҳокими ўринбосари А.Нишонов ҳамда туман прокурори Ш.Салимов иштирокида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
3-секторга қарашли “Дўстлик” МФЙ ёшлари иштирок этган учрашувда уларнинг бугунги имкониятлардан фойдаланиб, замонавий билим ва касбларни эгаллашга интилиши, ҳар хил бузғунчи ва ёт ғояларга чалғимасдан, юртимиз тараққиётига дахлдор шахслар бўлиши лозимлиги таъкидланди.


***
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши ташаббуси билан республика ИИВга қарашли Жиззах академик лицейида ўқувчи- ёшлар иштирокида “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши раиси ва Жиззах ҳарбий прокурори иштирок этиб, ёшлар билан бугунги кундаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.


А.Қаюмов, ЎзА мухбири