“Адолат” СДП ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этган “Конституция билимдони” кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи бўлиб ўтди.


Дўстлик туманидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 11-“а” синф ўқувчиси Олим Ниёзов 1-ўринни эгаллади ва танловнинг Республика босқичида Жиззах вилояти шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.
***
Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси томонидан Ғаллаорол туманида криминоген вазиятни барқарор сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Туман секторлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллалар бешлиги иштирокидаги мазкур тадбирда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Акмал Муратов жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудда содир этилган қонунбузарликлар ҳақида ахборот берди.

Шунингдек, бугунги кунда “Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган белгиланган вазифаларни тезкор ва самарали ҳал этиш чораларини кўриш лозимлиги қайд этилди. Ҳудудларда кундалик масалаларни ҳал этишда “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва “фуқаробай” тизимлар бўйича ишлаш лозимлиги уқтирилди.
***
Мирзачўл тумани ҳокимлигида хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш, эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари, коррупцияга қарши курашиш, аёлларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, уларни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.


Йиғилишда ҳар бир масала танқидий муҳокама этилиб, камчиликка йўл қўйган мутасаддилар огоҳлантирилди. Жамиятнинг муҳим бўғини саналган хотин-қизлар ўртасида салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича масъул давлат идоралари ўртасида ўзаро доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
***
Қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича Арнасой тумани штаби томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликлар туман ҳокимлиги қошида тузилган махсус гуруҳ томонидан бартараф этилмоқда.


Жумладан, тумандаги “Тинчлик” ҳамда “Янги бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларига суюлтирилган маиший газ баллонлари етказиб берилди. Бобур маҳалласи ҳудудидаги тиббиёт бирлашмасида табиий газ қувурида юзага келган муаммо бартараф этилди ва, шунингдек, “Ғолиблар” МФЙдаги табиий газдан фойдаланаётган аҳоли хонадонларида табиий газдан хавфсиз фойдаланиш, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказилди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири