Республика Марказий божхона лабораторияси масъуллари Жиззах вилоятида хизмат сафарида бўлиб, Арнасой туманидаги “Arnasoy Gold Tex” Ўзбекистон – Россия қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.

Божхона масъуллари корхонада ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари ва хорижий давлатлар билан амалга оширилаётган экспорт ҳажмини ўрганди. Шунингдек, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимининг афзаллик ва қулайликлари, экспорт маҳсулотларга қўйиладиган божхона талаблари тўғрисида корхона раҳбар ва мутасаддиларига тушунчалар берилди.
***
Жиззах шаҳрида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов хотирасига бағишлаб “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтган уч авлод учрашуви “Рашидов – сиёсатчи ва дипломат” номли фотокўргазманинг очилиши билан бошланди. Шунингдек, ёзувчи Мухтор Ғаниев томонидан яратилган “Шароф Рашидов ҳақидаги менинг ҳақиқатим” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.


Тадбирда намойиш этилган “Шароф Рашидов – Мирзачўлни ўзлаштириш илҳомчиси” номли ҳужжатли фильм премьераси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
***
Янгиобод тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан “Ёнғиндан огоҳлик!” мавзусида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида кенг кўламли профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.


Жумладан, туманда жойлашган “н” ҳарбий қисмда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун ўтказилган профилактик тадбирда соҳа ходимлари томонидан фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва содир бўлган ҳодисаларда қандай йўл тутиш лозимлиги борасида амалий машғулотлар ўтказилди.
***
Дўстлик тумани фуқаролари ва ёшлар иштирокида радикал ғоялар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш, диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш, диний соҳада амалга оширилаётган давлат сиёсатини тўғри тушунтиришга қаратилган маънавий-маърифий тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбир давомида видео-слайд орқали Президентимизнинг жорий йил 19 сентябрдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқи намойиш этилиб, ушбу маърузанинг аҳамияти ҳақида иштирокчиларга тушунча берилди.
***
Зарбдор тумани прокуратурасида ўтказилган йиғилишда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий ўрганиб чиқилгани муҳокама қилинди.


Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизимини амалда жорий этиш, “маҳалла еттилиги” нинг иш самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Йиғилиш якунида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилди.
А.Қаюмов,
ЎзА.