Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Дўстлик туман ички ишлар бўлими ҳудудида барпо этилаётган вақтинча сақлаш ҳибсхонасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Мазкур жараёнда вилоят ИИБ бошлиғи бинони жиҳозлаш, бу ерда қонунда белгиланган тартибда шароитлар яратиш юзасидан топшириқлар берди. Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур ҳибсхона тез кунларда ишга туширилади.

***
Фориш туман адлия бўлими ходимлари томонидан “Ҳар бир уйга бепул ҳуқуқий маслаҳат билан” шиори остида бошланган хайрли ташаббуси изчил давом эттирилмоқда.
Жумладан, туман адлия бўлими маслаҳатчиси Бекзод Туропов ушбу хайрли тадбир доирасида туманнинг 3-сектор ҳудудидаги Ойбек номли маҳаллада яшовчи бир гуруҳ аҳоли хонадонларида бўлиб, улар билан суҳбатлашди, мавжуд муаммоларини ўрганди, уларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берди.
“Ҳар бир уйга бепул ҳуқуқий маслаҳат билан” шиори остидаги хайрли тадбирлари туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам давом этмоқда.

***
Бугунги Мирзачўл туманида бўлиб ўтган тадбирда ички ишлар ходимлари, маҳалла фаоллари ва ҳамкор ташкилотлар ходимлари иштирокида йўриқнома ўтказилди. Унда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.
Асосий эътибор жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишдан иборатлиги таъкидланди. Шунингдек, тадбирда “Пайшанба – профилактика куни” муносабати билан маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш ва унинг оқибатлари юзасидан тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.

***
Жиззах шаҳрида давлатнинг ғамхўрлигига муҳтож бўлган ва “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларнинг 30 нафарига ўзини-ўзи банд қилиши ва оилавий тадбиркорликни дастлабки жараёнини бошлаши учун Жиззах шаҳар ёшлар жамғармаси маблағлари ҳисобидан 203 миллион сўмлик турли хилдаги асбоб-ускуналар субсидия тариқасида топширилди.
Тадбирда Жиззах шаҳар ҳокими ва сектор раҳбарлари томонидан ёшларга ушбу асбоб-ускуналар бирма-бир суҳбат асосида тақдим этилди.

***
Ғаллаорол туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари “Узунбулоқ” ҚФЙда ультратовуш диагностикаси ва лаборатория текширувлари натижасида сурункали касаллиги бор беморлар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар ҳамда маҳаллий аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, тегишли тартибда тавсия ва йўлланмалар берилди.
Ушбу тиббий кўрикда юқумли касалликлар, жумладан, гепатит “А”, “В”, “С”нинг юқиш йўллари, профилактикаси, диагностикаси ва даволаш тактикалари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

***
Зомин туманида маҳалла ёшлар етакчилари билан бўлиб ўтган учрашув давомида Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи маҳаллалардаги ёшлар етакчилари фаолияти билан яқиндан танишди.
“Ёшлар дафтари”дагиларга кўрсатилган ёрдамлар, маҳаллаларда ёшлар жиноятчилигига қарши натижадор ишлар, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож ёшлар билан ишлаш давомида аниқланган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди ва мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА