Жиззах политехника институтида “Технологияларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни амалга ошириш” мавзусида хорижлик эксперт С.Макаров ҳамда Олий таълим вазирлиги вакили Н.Назруллаевлар иштирокида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинарда олий таълим муассасасининг 50 нафардан ортиқ иқтидорли ҳамда стартап лойиҳаларга қизиқувчи инноватор талабалари ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этди.
Иштирокчилар ушбу тадбир олийгоҳ талабалари учун ҳам, профессор-ўқитувчилар учун ҳам ҳар томонлама фойдали ва манфаатли бўлганини таъкидлади.
***
Янгиобод туманидаги “Сармич” маҳалла фуқаролар йиғинида туман ҳокимлиги ҳамда “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Уч авлод учрашуви”да турли соҳаларда самарали фаолият юритган меҳнат фахрийлари, ижодкорлар, нафақадаги устозлар, катта ва ўрта авлод вакиллари ўз ҳаётий тажрибалари, босиб ўтган ибратли умр йўллари ҳақида ёшларга ҳикоя қилиб берди.
Учрашувда туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев ҳамда Республика “Нуроний” жамғармаси масъул ходими Ҳабибулла Юнусовлар иштирок этиб, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар хусусидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, буюк аждодларга муносиб бўлиш, юртимиз тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар бир ёшнинг муқаддас бурчи эканлиги алоҳида таъкидланди.
***
Зомин туманида Президентимизнинг жорий йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишга маҳалла фуқаролар йиғини раислари, хотин-қизлар фаоллари таклиф этилди. Маҳалла фуқаролар йиғинларида “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили, “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари, “Бувижонлар мактаби” фаолияти самарадорлигини ошириш, “Нуроний ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси асосида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
***
Ғаллаорол туманида ёшлар ойлиги доирасида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ёшлар сайли бўлиб ўтди.
Тадбир аваллида туман ҳокими Ж.Оқбоев ва туман сектор раҳбарлари йил давомида ёшлар билан ишлашда самарали меҳнат қилган фаолларга ҳамда тенгдошлари орасида фан, таълим, маданият, адабиёт, спорт ва санъат соҳаларида ютуқларга эришган бир гуруҳ ёшларга “Ҳоким эътирофи” ҳамда “Ташаккурнома”лари топширилди.
Ёшлар сайли ниҳоясидаги таниқли санъаткорларнинг чиқишлари ёшларга байрамона кайфият улашди.
***
Фориш тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ва туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда ушбу соҳаларда ва тумандаги бошқа корхона, ташкилот, муассасаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасида 30 июнь – Ёшлар кунига бағишлаб спортнинг волейбол тури бўйича мусобақалар ўтказилди.
Қизғин курашларга бой бўлган мусобақада 70 нафардан зиёд хотин-қиз ғолиблик учун баҳс олиб борди. Мусобақа якунига кўра 1-ўринни туман тиббиёт бирлашмаси жамоасига, 2-ўрини 3-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 3-ўринни 1-сонли умумтаълим мактаби жамоаси эгаллади.
Ғолиб ва совриндор жамоаларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА