Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
10:28 / 2023-05-26

Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев тумандаги 29-умумтаълим мактабида ўтган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида иштирок этиб битирувчи ёшларга Президентимизнинг табригини ўқиб эшиттирди ва юртимизнинг эртанги келажаги шу ташаббускор ёшлар қўлида эканини таъкидлади.

Тадбир сўнгида туман ҳокими битирувчи ёшлар билан учрашиб, улар билан дилдан мулоқот қилди, сўнгра фаол ўқитувчи ва ўқувчиларга фахрий ёрлиқ ва бадиий китоблар совға қилди.

Ўз навбатида ёшлар ҳам оиласи, юрти ва Президентимизнинг ишончини оқлаш йўлида барча синовлардан одилона ўтишга ваъда берди.  

***

Мирзачўл тумани ҳокими Ш.Аҳмедов ташаббуси билан “Ержар” МФЙ нуронийлари ва ёшлари учун Президентимизнинг “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида ҳамда туман сектор раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари томонидан йўлга қўйилган ташаббускор тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан таништириш, тадбиркорликка бўлган ёшларнинг қизиқишларини оширишда кўмаклашишларини янада рағбатлантириш мақсадида маҳаллалардаги тадбиркорлик субъектларга саёҳатлар ташкил этилмоқда.  

Саёҳат давомида меҳнати билан кўпчиликка ибрат бўлган, бугун кексалик гаштини сураётган нуроний оқсоқоллар, ёшларга мана шундай дориломон кунларнинг қадрига етишлари, ҳукуматимиз томонидан ёш тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишлари ва деҳқончиликда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида ўз маслаҳат ва тавсияларини берди.

***

Зафаробод туманидаги маданият марказида умумтаълим мактаби битирувчилари ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида концерт дастури ташкил этилди.

Туман маданият уйи қошидаги ҳаваскор санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастурида Қозоғистон Республикасининг иқтидорли қўшиқчиси Бауыржан эл-Маханбет улу ҳам ўз қўшиқлари билан иштирок этди.  

Иштирокчиларга байрамона кайфият улашган куй ва қўшиқларга ёшлар мириқиб рақсга тушди.

***

Арнасой туманида “Ёшлар бизнинг келажагимиз” шиори остида “Гиёҳвандлик аср вабоси”, “Наркомания ва токсикомания соғлик ва келажак учун хатар” мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги, насли ва тақдирига жиддий зарарлари, ёшлар келажаги йўлидаги кўринмас тушовлиги хусусида маърузалар қилинди.  

Тумандаги “Чўлқувар” ҳамда “Тинчлик” МФЙларида эса хонадонбай тизимида маҳаллада эътибор ва кўмакка муҳтож бўлган оғир тоифадаги ёшларнинг оилавий аҳволи ўрганилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди.

***

Зомин туманидаги 30-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи ёшларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.  

Юртимизда ўғил-қизларнинг билим олиши, касб-ҳунар ўрганишлари учун яратилган шароитлар хусусида сўз юритиб, битирувчилар жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган шахс бўлишларига ишонч билдирди. Ўз вазифасини сидқидилдан адо этган педагоглар ва энг фаол ўқувчиларга фахрий ёрлиқлар топширилди.

***

Зарбдор тумани ҳокими ишни маҳаллабай тизими асосида ташкил этган ҳолда “Янгикент” МФЙда яшовчи аҳоли муаммоларини ўрганиб, маҳаллада истиқомат қилувчи ёши улуғ фуқаролар ҳолидан хабар олинди, уларнинг муаммолари ўрганилиб, жойида бартараф этиш чоралари кўрилди. Сўнгра фуқаролар учун оммавий сайёр қабул ўтказди.  

Учрашув аввалида туман раҳбари аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг томорқадан олинадиган даромадини ошириш, маҳаллада оилавий ажримларнинг олдини олиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасидаги ишлар тўғрисида иштирокчиларга ўз тавсияларини бериб ўтди.

Қабулда аҳоли томонидан ички йўлларни таъмирлаш, электр таъминоти, банкдан кредит олишда кўмаклашиш каби мурожаатлар бўлди. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар тегишли ташкилотларга топширилиб, ижроси назоратга олинди.

А.ҚАЮМОВ,  

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА