Саудия Арабистони Ўзбекистон билан гул етиштириш бўйича ҳамкорлик қилиш мақсадида Атроф-муҳит, сув ва қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 5 нафар масъул ходими ҳамда 10 дан ортиқ инвестор гул етиштириш бўйича лойиҳаларга инвестициялар киритиш мақсадида Ўзбекистонга бизнес-миссия билан келяпти.
Ушбу лойиҳалар республиканинг тупроқ-иқлим шароитига мос 6 та вилоятида, жумладан Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида амалга ошириш кўзда тутилган.
Амалий сафар доирасида саудиялик инвесторлар ва мамлакат ишбилармонлари ўртасида бир қатор шартномалар имзоланиши режалаштирилган.

***
Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев “Яккақайроғоч” МФЙда бўлиб “ODINA SKARLET TEKSTIL” МЧЖнинг тадбиркорлик фаолияти билан яқиндан танишди.
Учрашувда туманда саноатни ривожлантиришда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда зарурий кўмак бериш учун тегишли ташкилот раҳбарларига кўрсатмалар берилди. Шунингдек, МЧЖ раҳбари ташаббуси билан олиб борилаётган тикувчилик касбини хотин-қизларга ўргатиш бўйича ва хотин-қизларга шароит яратиш мақсадида, уларнинг ҳунар орқали даромад топишлари учун имкониятлар яратиш бўйича ҳам мутасаддилар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.

***
Дўстлик туманида хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш ва ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш мавзусида ташкил этилган фестивалда тумандаги мактаблар директорлари ҳамда психологлари иштирок этди.
Мактабда 64 та касб-ҳунар доирасида рассомчилик, компьютер дастурчиси, қўл меҳнати заргарлиги, пазандачилик, зардўзлик, болалар парвариши (энагалик), эркаклар сартароши, паррандачилик ва қуёнчилик сингари касб тўгараклари ташкил этилган.
Тадбирда ўқувчилар томонидан амалий кўргазмалар намойиш этилди.

***
Зомин туманида томорқа ва дехқон хўжаликлари ерларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича амалий семинар бўлиб ўтди.
Жумладан, “Ғаллакор” ҚФЙда маҳалла оқсоқоллари ва уста-миришкор дехқонлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Фермер дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг етакчи мутахассиси З.Файзуллаев ҳамда вилоят кенгаши вакили А.Омоновлар томорқачиликда эътибор қаратилиши зарур бўлган агротехник тадбирлар юзасидан ўз тавсия ва маслаҳатларини берди.

***
Мирзачўл туманида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда “Тинчлик қадри” номли видеоролик намойиш этилиб, ота-оналарга фарзанд тарбияси, ўсмирлар психологияси ва ундаги ўзгаришлар ҳақида фикрлар билдирилди.
Йиғилиш сўнгида “Позитивлик давр талаби” мавзусидаги психологик саломатлик ойлиги доирасида психологик тренинг машғулотлари ўтказилди.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА