Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
13:46 / 2022-10-16

Зомин тумани “Дуоба” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 36- умумтаълим мактабида “Уч авлод учрашуви” маданий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон қирғиз маданият маркази, вилоят, туман ҳокимликлари, халқ таълими тизими мутасаддилари томонидан “Ўзбекистон умумий уйимиз” шиора остида ташкил этилди.  

Ушбу “Уч авлод учрашуви”да нуроний отахон ва онахонлар қирғиз миллатининг миллий урф-одатлари, анъаналари ҳақида ҳикоя қилиб берган бўлса, ўрта авлод вакиллари қирғиз чорвадорлари ўтовлари ва ундаги шароитларни амалда яратиб берди. Ўзбекистон қирғиз маданият маркази қошида ташкил этилган бадиий жамоа ёшлари қирғиз халқ ашула ва рақсларидан, халқ ўйинларидан намуналар намойиш этди.


Мирзачўл туманидаги “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғинига қаршли “Ҳазратовул” қишлоғида аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш ва уларга қулайлик яратиш мақсадида контейнердан қулай жиҳозланган тиббиёт пункти ташкил этилди.

Шу кунгача қишлоқча аҳолиси тиббий хизматдан фойдаланишда муаммоларга дуч келиб, ҳатто болаларни эмлатиш ва тиббий кўрикдан ўтиш учун ёзнинг жазирама иссиғи, қишнинг қировли совуғида ҳам узоқ масофани босиб ўтишга мажбур бўлар эди.  

Эндиликда бу муаммо бартараф этилиб, туманнинг энг чекка қишлоқ ва маҳаллаларда контейнерлардан тиббий ёрдам кўрсатиш масканлари контейнерлардан шинам, қулай қилиб барпо этилмоқда.

Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизми ва усуллари жорий этилгани мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди.

Зафаробод тумани ҳокими Ўткирбек Рахманов “Бирлик” қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашувда фуқаролар томонидан электр тармоқларини яхшилаш юзасидан мурожаат келиб тушган эди. Айни пайтда туман ҳокими ташаббуси ва шахсий назорати остида “Бирлик”даги электр тармоқлари тамирланиш ишлари охирига етказилмоқда.

Шароф Рашидов туманида жиззахлик иқтидорли шоира ва таржимон Шаҳло Ахророва билан ёшлар ўртасида ижодий учрашув ташкил этилди.

Иқтидорли ижодкор босиб ўтган ижодий фаолияти ҳақида йиғилганларга гапириб, янги ижод намуналаридан ўқиб берди ва ўз қаламига мансуб китоблар жамламасини кутубхонага тақдим этди.

Шу куни шоира “Она тилим – онамдек азиз!” шиори остида туман ҳокимлиги, маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси ҳамда туман халқ таълими бўлими томонидан ўқувчи-ёшлар ўртасида ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбек тили байрамида ҳам иштирок этди.

Фориш тумани ҳокими Икром Матиев Хитойга  Фориш туманида етиштирилаётган майиз  ва ёнғоқ маҳсулотларини экспорт қилиш юзасидан Чин юрти инвесторлари билан  мулоқот олиб борди.  

Форишлик миришкорлар томонидан етиштирилаётган қора сояки, сариқ кишмиш каби майизларнинг мазаси, ёнғоқнинг ёғлилик даражаси ҳар қандай кишини ўзига тортади. Мулоқот давомида хитойлик инвесторлар Фориш заминида етиштирилаётган майиз ва ёнғоқни татиб кўриб, ушбу маҳсулотларга жуда юқори баҳо бердилар ва мазкур маҳсулотлар экспорти хусусида келишиб олинди.

Бахмал тумани ҳокимлиги хотин-қизлар бўлими, республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси ва туман маданият бўлими ҳамкорлигида “Маҳаллада дув-дув гап” маънавий-маданий тадбири ўтказилди.

Тадбир давомида маданият бўлими қошидаги “Барлос” фольклор этнографик халқ ансанбли ҳамда “Оқтош” болалар фольклор жамоасининг концерт дастури томошабинларга манзур бўлди.

Тадбир якунида кўп йиллик ҳаётий тажрибага эга, ёшларга ибрат бўлиб келаётган нуроний отахон ва онахонлар туман ҳокимлиги томонидан “Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонаси”дан жой олган энг сара бадиий асарлар совға қилинди.

 

А.ҚАЮМОВ,

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА