Зафаробод туманида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бўйича ташкил этилган олимпиаданинг иккинчи мавсуми доирасида “Ёшлар фестивали” ўтказилди. Тумандаги “Чўли гулистон” маҳалласида ташкил этилган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг барча лойиҳаларини қамраб олган фестивалда ўз ҳудудларида ғолиб бўлган ёшлар баҳслашди.

Ғолиб, совриндор ва турли номинациялар соҳиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
* * *
Зарбдор туман тиббиёт бирлашмаси томонидан олис ҳудудда жойлашган “Афросиёб” қўрғони аҳолиси учун тиббий кўрик ташкил этилди. Кўрикда аҳолининг репродуктив саломатлиги, уларнинг соғлигини тиклашда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш бўйича маълумотлар берилди ҳамда ётиб қолган беморлар ҳолидан хабар олинди. Зарурий дори-дармонлар етказиладиган бўлди. Узоқ ҳудудларда ташкил этиладиган кўрик белгиланган жадвал асосида давом эттирилиши режалаштирилган.

* * *
Дўстлик туманидаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида “Хон атлас” фестивали доирасида маънавий- маърифий тадбир ташкил этилди. Унда миллий анъаналар, қадриятлар асосида тумандаги чеварлар томонидан атлас матосидан тикилган болалар либослари кўргазмаси намойиш этилди.

Бундан ташқари, тарбияланувчилардан ташкил топган жамоалар ўзбек миллий матолари ҳақида тарихий маълумотларни гапириб берди, бадиий чиқишлар намойиш этилди.
* * *
Мирзачўл тумани тиббиёт бирлашмаси шифокорлари – туман оила ва хотин-қизлар бўлими билан ҳамкорликда 1-сектор ҳудудидаги “Ипак йўли” қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлиб, 65 ёшдан юқори бўлган аёлларни бепул тиббий кўрикдан ўтказди.

Саломатлигида жиддий муаммоси бор онахонларга ташхис қўйилиб, туман ва вилоят шифохоналарига йўлланмалар берилди. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларидаги витаминлар ҳамда тўғри овқатланиш қоидалари тушунтирилди.
* * *
Фориш тумани маҳаллаларига бириктирилган ҳоким ёрдамчилари маҳалла фуқароларига амалга оширилган ва режадаги ишлари юзасидан ҳисобот бермоқда.

3-сектор ҳудудидаги “Оқтом” маҳалласида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиси Аброр Воҳидовнинг ахбороти тингланди. У жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган концепция, шу асосда амалга оширилган ишлар ва йил якунига қадар режалаштирилган вазифалар хусусида тўхталди.
Тадбирда маҳалла вакиллари сўзга чиқиб, унинг фаолияти ҳақида фикр билдирди.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА