Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
14:44 / 2022-09-28

Бахмал тумани ҳокими Муса Анорбоев тумандаги Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан янгидан қурилиб фойдаланишга топширилган 86-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, у ерга олиб борувчи ички йўлларга асфалть ётқизиш жараёни, ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди.

Жаҳон банки томонидан ажратилган маблағни тўғри йўналтириш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берди.

* * *

Пахтакор тумани халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларида Давлат дастурида белгиланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, диний бағрикенглик ҳамда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш юзасидан Республика ишчи гуруҳи вакиллари томонидан тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда.

Ишчи гуруҳи вакиллари дин билан боғлиқ вазият ўзгарувчанлиги, ақидапарастлик, экстремизм ва терроризмнинг зарарли оқибатлари тўғрисида, барча таълим муассасаларида экстремизм ғояларига берилишнинг олдини олишга қаратилган маърузалар ўқимоқда.

* * *

“Оғир ҳудуд” дея эътироф этиб келинган Дўстлик туманининг “Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғини кундан кунга чирой очиб бормоқда.

Жумладан, маҳалладаги кўп қаватли уйларнинг атрофи ноқонуний қурилма ва турли яроқсиз қурилиш ва саноат чиқиндилардан тозаланмоқда, зарурат бўлган объектлар таъмирланиб, маҳалла инфратузилмаси яхшиланаётир, ҳудуд атрофида ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Бу каби ҳашар ишларида депутатлар, туман ободонлаштириш  бошқармаси ишчи-ходимлари ва маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар ихтиёрий равишда фаол иштирок этаётир.

* * *

Зарбдор тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари подполковник Ёқубжон Акабоевнинг “Дўстлик” МФЙда сайёр қабули ва “Ёшлар билан учрашув”и бўлиб ўтди.

Учрашувда 12 та мурожаат қабул қилинди. Мурожаатларнинг 4 таси жойида ижобий ҳал қилинган бўлса, 2 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Қолган мурожаатлар ечими вақт ва маблағ талаб қилганлиги сабабли мутасадди ташкилотлар раҳбарларига аниқ кўрсатмалар берилди ва ижроси қатъий назоратга олинди.

* * *

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш Мирзачўл туман бўлими вакиллари пахта далаларида бўлиб, йиғим-теримда ихтиёрий равишда иштирок этаётган вақтинчалик банд бўлмаган уюшмаган аҳоли ҳолидан хабар олди.

Жумладан, “Ўзбекистон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги пахта далаларида ҳашарда иштирок этаётган фуқаролар, айниқса, хотин-қизларнинг ҳосил теримига қўшаётган муносиб ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирди.

Илғор теримчиларга Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, “Нуроний” жамғармаси томонидан юборилган совғалар фаол теримчиларга топширилди.

* * *

Жиззах шаҳар ҳокимлиги вакиллари Хитой Халқ Республикасидан келган тадбиркорлар билан “Жиззах ЭИЗ” маъмурий биносида учрашиб, унда умумий қиймати 25 миллион АҚШ долларлик кафел ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича музокаралар олиб борди.

Музокаралар давомида хорижий тадбиркорга ер олиш тартиби ва ҳукумат томонидан бериладиган имтиёзлар тўғрисида атрофлича тушунтириш берилди.

Учрашув сўнгида лойиҳани амалга ошириш учун қулай, деб топилган ер участкаси масъуллар томонидан жойига чиқиб ўрганилди.

 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА