Зоминда “Ёш ҳуқуқшунос” кўрик-танловининг туман босқичида 14-17, 18-30 ёш тоифасидаги иштирокчиларнинг Она тили ва адабиёти, Ўзбекистон тарихи, ҳуқуқшунослик фанларидан билимлари тест саволлари асосида баҳоланди.
Танлов ёшларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштиирокчисига айлантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, эришаётган натижаларни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.
1-ўринни 14-18 ёш тоифаси бўйича Зомин шаҳарчасидан Лобар Қосимова, 18-30 ёш тоифасида “Чорвадор” МФЙда яшовчи Жавлон Алибеков эгаллаб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киртди.

Жиззах шаҳрида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги Kibersport мусобақасининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди.
“PES-2022” турнири бўйича Дўстлик тумани “Бунёдкор” МФЙда яшовчи Умирзоқ Суюнов, “FIFA-2022” турнирида Ғаллаорол тумани “Бахт” МФЙдан Лочинбек Бахронов ҳамда “CS:CO” турнирида Aрнасой тумани ёшлари жамоаси 1-ўринларни эгаллаб, республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.

Ғаллаорол туман оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда судлар раислари томонидан тумандаги ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди.
Сайёр қабулда хотин-қизларнинг оилавий масалалар, соғлиқни сақлаш ва бошқа турли соҳалардаги муаммоларини ҳал этишга амалий ёрдам берилди.

Янгиобод туман юридик хизмат кўрсатиш маркази ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 мартдаги “Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши кураш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари юзасидан тумандаги умумий ўрта таълим мактаблари педагог ходимлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Унда мазкур қарорларнинг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилиб, мавзулар юзасидан мактаб педагог ходимларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги каби Зарбдор туман ҳокимлигида ҳам онлайн шаклда ўтказилган сиёсий-маърифат ўқув соатида туман ҳокимлиги масъул ходимлари иштирок этди.
Ушбу сиёсий-маърифат соатида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳамда ҳуқуқий саводхонлик, ҳафта давомида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Арнасой тумани 2-сектор раҳбари, туман прокурори Хайрулла Газиев “Янги Бўстон” МФЙ ҳудудида фаолият юритаётган “Меҳримоҳ текстил” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишиб, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш борасида ўз тавсияларини берди ва ҳудудда бу каби тикувчилик цехларини кўпайтириш орқали аҳоли бандлигини таминлаш муҳим масалалардан бири эканлигини таъкидлади.
Ҳудудда бу каби тикувчилик цехи иккита бўлиб, шу маҳалладаги кўплаб хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган. Ушбу цехлар шартнома асосида ярим тайёр маҳсулотларни олиб келиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаради ва фабрикаларга тайёр ҳолда етказиб беради.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА