Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
11:04 / 2022-06-08

Жиззах вилоятида муқобил энергия манбаларидан қишлоқ хўжалигида ҳам кенг кўламда фойдаланилмоқда.

Вилоятнинг Зомин туманидаги “Янги дала ҳосили” фермер хўжалигида қуввати 37 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилди.

Бу Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижаларидан биридир. Энди электр узатиш тармоғидан анча олисда бўлган фермер хўжалиги даласига катта миқдорда маблағ сарфлаб, электр узатгич линиялари ва бетон устунлар ўрнатишга ҳожат қолмади.

* * *

Фориш тумани прокурори ҳамда тумандаги Президент Халқ қабулхонаси мудири биргаликда “Қораабдол ота” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди.

Қабулда аҳоли томонидан ички йўлларни таъмирлаш, суюлтирилган газ таъминоти, кредит олишдаги муаммо, даволанишда кўмаклашиш, нафақа тайинлаш, электр таъминотидаги узилишларга барҳам бериш ва бошқа масалалар бўйича жами 24 та мурожаат ўртага ташланди.

Ушбу мурожаатларнинг 3 тасига ҳуқуқий тушунча берилди. 4 та мурожаат тегишли ташкилотлар томонидан жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатга муддат белгиланиб, тегишли тартибда ижроси назоратга олинди.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Арнасой туманида “Ёшларни янги ҳаётга тайёрлаш маркази” томонидан янги ҳаётга қадам қўйиш арафасида турган ёш келин-куёвларга ҳаёт сабоқлари ўқитилмоқда.

Марказ томонидан 16 соатлик ўқув-курсини тамомлаган 207 нафар никоҳланувчи ёш сертификатларга эга бўлди.

* * *

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли муаммоларини тизимли ҳал қилиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва криминоген вазиятга таъсир этувчи ижтимоий-маиший муаммоларни бартараф қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва “фуқаробай” ташкил этиш борасида вилоят 3-сектор штаби аъзоларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб, ўтди.

Штаб аъзоларининг 5 ойлик иш натижалари бўйича ҳисоботлари тингланиб, танқидий ва таҳлилий муҳокама этилди.

Шунингдек, шаҳар-туман 3-секторларининг “оғир ҳудуд”ларга киритилган маҳаллалардаги мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш борасида тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига кўра, масъулларга қатор топшириқлар берилиб, ижросини ўз вақтида таъминлаш назоратга олинди.

* * *

Ёшлар ишлари агентлиги ва халқ таълими Ғаллаорол туман бўлимлари ҳамкорлигида “Ёшлар дастури” доирасида ўндан ортиқ умумтаълим мактаблари қошида “Пазандачилик” тўгараклари ташкил этилиб, уларнинг фаолияти тўлиқ йўлга қўйилди.

Бу лойиҳа дастлаб 200 нафар ёшни қамраб олди. Эътиборлиси, тўгараклар микротўлқинли печлар билан таъминланди.

Мазкур лойиҳа туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.

* * *

Янгиобод туман ҳокими Иброҳим Қаршибоевнинг хитойлик инвесторлар билан учрашувида янги лойиҳалар юзасидан муҳокамалар олиб борилиб, дастлабки келишувларга эришилди.

Хорижий инвестор томонидан туманда пластик қувурлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам муҳокама этилди.

Бундан ташқари, туманда қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида “Ҳавотоғ” ҚФЙ ҳудудидан ер майдони ажратиш ва у ерда ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш режалаштирилди.

* * *

Шароф Рашидов туман 4 та сектор раҳбарлари ҳудудидаги қолипли нон чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди. 
Корхоналарда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилиб, нон нархи ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида тадбиркорлар билан профилактик суҳбатлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, тумандаги савдо мажмуалари, маҳалла гузарларида жойлашган дўконларда сотилаётган қолипли нон ва асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ҳам ўрганилди.

* * *

Зарбдор туман ҳокими ва сектор раҳбарлари 1-сектор ҳудудидаги “Навбаҳор” МФЙда ўтказилган навбатдаги оммавий қабулда тумандаги барча идора ва ташкилот раҳбарлари иштирок этиб, аҳоли муаммоларига қулоқ тутилди.

Қабул давомида тадбиркорлик қилиш, соғлигини тиклашда кўмак, электр сим ёғочларни алмаштириш ва моддий ёрдам масалаларида 14 та мурожаат кўтарилди.

1 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилган бўлса, 9 мурожаат жойида ўзининг ижобий ечимини топди. Бошқа мурожаатлар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Шунингдек, асосий эътибор аҳолининг даромад манбаини оширишга қаратилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА