Зомин тумани ёш курашчилари Гулистон шаҳрида спортнинг эркин кураш тури бўйича ўсмирлар ўртасида ўтган Сирдарё вилояти очиқ чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Баҳслардан қайтган спортчилар муносиб кутиб олинди.
Туман ҳокимлиги, туризм ва спорт, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлимлари томонидан Гулистондаги мусобақада 3 та биринчи, 2 та иккинчи ва 4 та учинчи ўринларни эгаллаган зоминлик эркин курашчилар тантанали кутиб олиниб, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари топширилди.
* * *
Мирзачўл туманида Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти ҳамда Хитой Қизил Хоч ташкилоти ҳамкорлигида Жиззах вилояти ҚЯОЖ ва унинг Мирзачўл туман бўлинмаси ходимлари томонидан “Табиий офатларда бошқариш” лойиҳаси доирасида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчиларига табиий офатларда биринчи ёрдам кўрсатиш ва унда халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилиш юзасидан ҳам амалий ва назарий тушунчалар берилди.
* * *
Дўстлик тумани ҳокими аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда йигирмага яқин фуқаро ўзларини қийнаб келаётган муаммоларини баён этди.

Учрашув чоғида аҳоли томонидан асосан – уй-жой, бандлик, моддий ёрдам масалалари ўртага ташланиб, ҳар бир мурожаат бўйича туман ҳокими томонидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.
* * *
“Huaxin cement Jizzakh” масъулияти чекланган жамиятида сифатли ва қимматбаҳо қурилиш маҳсулоти “портландцемент” ишлаб чиқариш тўлиқ йўлга қўйилди.

Жиззах вилоят статистика бошқармасининг маълумотига кўра, ўтган 2021 йилда “Huaxin cement Jizzakh” МЧЖ томонидан 910 миллиард 400 миллион сўмлик 1 миллион 659 минг 700 тонна “портландцемент” маҳсулоти ишлаб чиқарилган.
* * *
Фориш туманидаги мавжуд 25 та МФЙ ва ҚФЙларида 16 минг 238 нафар 30 ёшдан ошган хотин-қиз истиқомат қилиб, уларнинг муаммоларини янгича “маҳаллабай” тизимида ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Аёллар дафтари”нинг 3-босқичи шакллантирилмоқда.

Тумандаги ҳар бир маҳаллада 8 кишидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган бўлиб, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш мақсадида хонадонма-хонадон юрилиб, хатлов ўтказилмоқда. Айни пайтга қадар, 9 минг 600 нафар хотин-қизлар хатловдан ўтказилиб, анкета сўровномалари тўлдирилди.
* * *
Ғаллаорол туманидаги 44-сонли умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жиззах вилояти қўриқлаш бошқармаси ва унинг туман бўлими, туман туризм ва спорт бўлими билан ҳамкорликда спортнинг камондан отиш тури бўйича маҳорат сабоқлари ва туман очиқ биринчилиги мусобақаси ўтказилди.
Мусобақада 14-15 ёшли қизлар ва ўсмир болалар ҳамда уюшмаган ёшлар иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА