Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:54 / 2021-10-01

Жорий 2021-2022 ўқув йилида республикамиздаги олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шакли бўйича қўшимча давлат гранти асосида юртимиздаги эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг 2 минг 30 нафари талабаликка қабул қилинган.

Уларнинг орасида 86 нафар жиззахлик хотин-қиз ҳам бор.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотида қайд этилишича, энг кўп 227 ўрин Самарқанд, 223 ўрин Фарғона ва 199 ўрин Қашқадарё вилоятлари талаба қизларига насиб этган.

***

Бахмал тумани ҳокимлиги ва халқ таълими бўлими томонидан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган маънавий-маърифий ва бадиий байрам тадбирида фахрий педагоглар, умумий ўрта ва ўрта-махсус таълим тизимида фаол меҳнат қилаётган ўқитувчи, мурабийлар иштирок этди.

Унда Бахмал тумани ҳокими Муса Анорбоев, барча иштирокчиларни касб байрами билан қутлаб, Президентимизнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан йўлланган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Тўкин дастурхон атрофида, дилрабо куй-қўшиқлар билан давом этган байрам тадбири давомида таълим тизимида жонкуярлик ва алоҳида ўрнак кўрсатиб меҳнат қилаётган ўқитувчи ва мураббийларга эсдалик совғалари топширилди.

***

Янгиобод туманида аҳоли турмуш шароитларини янада яхшилаш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ривожлантириш, ҳудудга янги ва замонавий инвестиция лойиҳаларини жалб этиш, туманнинг экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Куни кеча, туман ҳокими И.Қаршибоев “Korea Uzbekistan Development Association” корхонаси раҳбари жаноб Ҳюнки Парк (Hyunki Park) билан учрашиб, ҳудудда энергия ишлаб чиқарувчи янги қувватлар барпо этиш учун замонавий технологиялардан фойдаланиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Жумладан, “Ҳавотоғ” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида умумий лойиҳа қиймати 150 миллион АҚШ доллари, қуввати 100 МВт бўлган қуёш электростанцияси барпо этиш, шунингдек, “Хўжамушкент” ҚФЙ ҳудудидан лойиҳа қиймати 50 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи цемент ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш борасида дастлабки музокараларга эришилди.

***

Республикамизда цемент маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Жиззах вилояти учинчи ўринда қайд этилди.

Мамлакатимизда жорий йилнинг январь-август ойларида йирик саноат корхоналари томонидан қарийб 8 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 18,2 фоизга кўп демакдир.

Давлат статистика қўмитасининг Ахборот хизмати хабарига кўра,  ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг жами ҳажмида Тошкент вилояти – 42,8 фоиз билан, Навоий – 32,1, Жиззах – 13,3 ва Фарғона вилояти – 8,2 фоиз билан етакчилик қилмоқда.

***

Фориш туманида республика Кадастр агентлиги директор ўринбосари Абдушукур Абдуллаев аҳоли муаммоларини ўрганиш ва жойида ечим топиш мақсадида сайёр қабул ўтказди.

Қабулда аҳолининг ҳар бир мурожаатларини ҳал этиш чоралари изланди.

Сайёр қабул жараёнида аҳоли томонидан кўтарилган 40 та мурожаатнинг 15 таси жойида ўз ечимини топди. Ўрганиш ва муддат талаб этадиган мурожаатлар эса ижро учун назоратга олиниб, уларни ўз вақтида, қонун доирасида кўриб чиқиш ва ҳал этиш юзасидан мутасадди раҳбарларга аниқ вазифалар юклатилди.

 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА