Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти саноати ривожланган ҳудудга айланмоқда
22:41 / 2023-02-10

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш мақсадида 10 февраль куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Сафар дастуридаги биринчи манзил Пахтакор туманидаги «Пахтакор элита уруғчилиги» фермер хўжалиги бўлди. Хўжалик майдони 100 гектар бўлиб, шундан 80 гектарида пахта ва ғалла, қолган қисмида соя, саримсоқпиёз, беда экилган.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили октябрда Сирдарё вилоятида бўлганида дала четларидаги ерлардан самарали фойдаланиш, фермер ва ишчиларга қулайлик яратиш учун дала уйлари қуриш зарурлигини айтган эди. Бунинг ижроси ва самараси мазкур фермер хўжалигида намоён. Дала четига тут, узум, полиз ва дуккакли маҳсулотлар экилган, асалари уялари қўйилган. Енгил конструкциялардан дала уйи қурилган, унинг томида қуёш панеллари ўрнатилган.

Президентимиз ушбу уйни кириб кўрди, фермер оиласи билан суҳбатлашди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ва пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари билан мулоқотда ҳосилдорликни ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Биз нимага бойлигимиз бўлган ерни кластерларга бердик? Халққа нафи тегиши учун. Энди кластерлар ислоҳотларга муносиб бўлиб, давлат сиёсатини амалга ошириши керак. Қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, корхоналар очиш ва касаначилик орқали ўз ҳудудида ишсизликни камайтириши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, юртимизда ишсиз фуқароларга деҳқончилик учун ерлар ажратилмоқда. Жиззах вилоятида бу орқали 13 мингдан зиёд ёшларнинг бандлигини таъминлаш мўлжалланган.

– Бир пайтлар 1 гектар ерни халққа бериш мумкин эмасди. Ҳозир 200 минг гектар ажратдик. Нима учун? Одамларга даромад манбаи бўлиши учун. Энди «қарсак икки қўлдан чиқиши» керак, – деди давлат раҳбари.

Фермерларнинг манфаатдорлигини таъминлаш, маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»ни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев “Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди.

Олдинлари Жиззах вилояти саноат кўрсаткичлари аҳоли жон бошига энг паст бўлган ҳудудлардан бири эди. Бугунги кунда ҳар бир туманга саноат кириб борди.

“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида 27 та лойиҳа амалга оширилиб, 5 минг 300 га яқин иш ўрни яратилган. Охирги йилларда унинг фаолияти такомиллаштирилиб, бизнес учун қулайликлар янада кенгайтирилди. Ҳозир бу ерда кўп турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Улар қаторига 2022 йил октябрда “Iruskon” қандолат корхонаси ҳам қўшилди. 

Давлатимиз раҳбари унинг иш жараёнини, маҳсулотларини кўздан кечирди.

Корхонада Россия, Туркия, Германия ва Италия тажрибаси асосида “Deya” бренди билан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик қуввати 12 минг тонна. 100 га яқин киши иш билан таъминланган. Келгуси йил иккинчи босқич учун Германия ва Туркиядан яна 5 миллион долларлик ускуналар олиб келиш режалаштирилган. Бунинг натижасида 550 нафар янги иш ўрни яратилади.

Иқтисодий зонадаги яна бир корхона – “Master Building Products” масъулияти чекланган жамиятида йилига 3 миллион дона қувур ва фитинг маҳсулотлари, қурилиш материаллари тайёрланади. 600 га яқин иш ўрни яратилган. Давлатимиз раҳбари ушбу маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.

“Global Optical Communication Uzbekistan” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси ҳам кўздан кечирилди. Бу ерда йилига 85 минг километрлик оптик толали кабель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. 115 киши меҳнат қилмоқда.

Президентимиз корхоналарда маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берди.

“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида яна 14 лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 5 таси жорий йилда ишга туширилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳридаги Қозон федерал университети филиалида бўлди.

Бу университет Россиядаги энг қадимий ва кенг қамровли олий таълим муассасаларидан бири. Унинг Жиззах филиали ўтган йили иш бошлади ва бугунги кунда 325 нафар талаба таълим олмоқда. Умуман, муассаса 1 минг 88 ўринли.

Бу ерда даволаш иши, стоматология, фармация, тиббиёт биокимёси, журналистика, иқтисодиёт, геология, тилшунослик, дастурий муҳандислик, ахборот тизимлари ва технологиялари ҳамда технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш каби 11 йўналишда мутахассис тайёрланади.

Давлатимиз раҳбари муассаса учун қўшимча бино ажратиб, қулайликларни кенгайтириш бўйича кўрсатма берди.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Жиззах вилоятида саноатни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Вилоятда янги саноат корхоналари барпо қилиш учун сўнгги олти йилда қарийб 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган. Бунинг натижасида 2 мингга яқин янги корхоналар ташкил қилиниб, ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 бараварга ошди.

Олдин вилоятнинг саноат маҳсулоти асосан пахта толаси бўлган бўлса, ҳозирги кунда электротехника, оптик тола, автомобиль, мураккаб кимёвий моддалар, энерготежамкор материаллар каби юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу соҳада 54 минг аҳоли банд. Вилоятдаги саноат экспорти 1,8 баравар ошиб, 166 миллион долларга етди.

Давлатимиз раҳбари бу суръатни давом эттириб, жорий йилда вилоят саноатини 14 фоизга ошириш имконияти борлигини таъкидлади. Бунинг учун 750 миллион долларлик 10 та йирик лойиҳа ва 580 миллион долларлик 110 та ҳудудий саноат лойиҳаси бажарилиши қайд этилди. Уларда 7 минг 500 та янги иш ўринлари яратилади. Шунингдек, келгуси икки йилда Жиззахда автомобилсозлик ва металлургия соҳаларида йирик лойиҳалар ишга тушади.

Жиззахда энг тез ўсаётган саноат тармоғи бу – қурилиш ва энергиятежамкор материаллар ишлаб чиқариш. Охирги беш йилда бу соҳада 180 та янги корхона ташкил этилган, 900 миллион долларлик 210 та лойиҳа ишга туширилган. Бунинг ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 10 баравар ошиб, импорт бўлаётган 110 миллион долларлик маҳсулотлар маҳаллийлаштирилди, экспорт эса 7 баравар кўпайиб, 35 миллион долларга етди.

Вилоятда биргина базальт захираси 26 миллион тонна бўлиб, республикадаги жами захиранинг 25 фоизини ташкил этади. Лекин, булар илгари умуман ишлатилмаган. Ҳозир эса, базальтдан талаб юқори бўлган 7 хил замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу Фориш туманида 6 та корхонадан иборат яхлит кластерга айланди.

Шу билан бирга, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зомин, Зарбдор, Зафаробод, Фориш ва Янгиободда базальт, цемент, керамзит, шиша ва минерал хомашё захирасига бой 200 га яқин конлар бор. Президент уларга тадбиркорларни жалб қилиб, бозорбоп маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Бу йил қурилиш материаллари бўйича 460 миллион долларлик 31 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда энергетика таъминотини яхшилаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Жиззах вилоятида камида 2 минг Мегаватт қайта тикланувчи энергия манбалари учун салоҳият борлиги таъкидланди. Бундан фойдаланиб, 270 Мегаватт қуёш энергияси қувватлари ишга туширилиши айтилди. Бунинг ҳисобига 236 миллион киловатт соат ишлаб чиқарилиб, танқислик ортиғи билан қопланади, жами 71 миллион куб метр газ тежалади.

Жумладан, Ғаллаоролда Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компаниясининг 200 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан, 220 Мегаваттли йирик қуёш станцияси ишга туширилади. Келгуси йилда бу станция тўлиқ қувватга чиқиб, 500 миллион киловатт соат электр олинади ва вилоят эҳтиёжининг 20 фоизини қоплайди.

Шунингдек, ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида 5 Мегаваттли, Саноат зонаси ва тадбиркорлар биноларида 15 Мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Аҳоли хонадонларига 8 Мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш учун жозибадор шароитлар яратилади. Тадбиркорларнинг ўз эҳтиёжлари учун 5, 10, 15 Мегаваттли қуёш станциялари қуриш ташаббуслари қўллаб-қувватланади.

Зафарободда бу йил жами 2 Мегаваттли 2 та кичик ГЭС қурилади ва бу йил 2,4 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. Осиё тараққиёт банки билан бирга, Форишда 150 Мегаваттли йирик қуёш станцияси лойиҳаси бошланади. Бу станция тўлиқ қувватга чиққанда, 370 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. Жиззах шаҳрида ҳам иссиқлик, ҳам электр энергияси ишлаб чиқарувчи когенерация маркази қурилади.

Давлатимиз раҳбари Жиззах электр тармоқларидаги йўқотишлар кўп эканини қайд этиб, буни камайтириш, вилоятда 4 мингдан зиёд корхонанинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Вилоят жамоатчилиги вакиллари, нуронийлар ва ёшлар билан мулоқот бўлди. Улар юртимиздаги янгиланишлар, яратилаётган шароитлар самараси ҳақида ўз ҳаёти ва фаолиятидаги муваффақиятлар мисолида сўзлаб берди. Давлатимиз раҳбари уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.  

Йиғилиш сўнгида яна бир муҳим воқеа – 3 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Улар – Фориш туманидаги “Eco Basalt Group”, Жиззах саноат зонасидаги “Mono Electric” ва “Super medical elements” ширкатларидир.

Биринчи корхона базальтдан йилига 5 минг тонна композит қувурлар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. “Mono Electric”да 1 минг 500 турдаги электр техника маҳсулотлари, “Super medical elements”да 40 турдаги тиббий буюмлар ишлаб чиқарилади. Ушбу корхоналар ҳисобига, 700 дан ортиқ аҳоли юқори даромадли доимий иш жойига эга бўлади.

Маросимда видеоалоқа орқали корхоналар вакиллари билан мулоқот қилинди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи якунланди. 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Абдужалол ҚАЮМОВ,

ЎзА мухбирлари