Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти куз-қиш мавсумига тайёрми?
17:15 / 2023-11-28

Яна бир неча кундан сўнг ўлкамизга қиш фасли кириб келади. Қиш мавсумига тайёргарлик борасида Жиззах вилоятида қандай ишлар амалга оширилди? Эртанги қорли-қировли кунларда кўп қаватли аҳоли турар жойларини, ижтимоий соҳа объектларини иситиш учун зарур бўлган тизим, яъни қозонхоналар қанчалик мавсумга тайёр?

Ана шу ва бошқа шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати вакиллари билан жойларга чиқиб, амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдик. 

Дастлаб вилоятдаги штаб фаолияти, Жиззах шаҳридаги кўп қаватли уйлар ва Шароф Рашидов туманидаги ижтимоий соҳа объектлари кўздан кечирилди. Мавсумда аҳоли турар жойлари, ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш, ушбу объектларга иссиқлик энергиясини узлуксиз етказиб бериш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. 

Шу мақсадда жорий йилнинг 10 апрелида Президентимизнинг “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Ушбу қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимликлари 2023-2026 йилларда республика ҳудудида фаолият юритадиган давлат ижтимоий соҳа объектларини кўмир ёқилғисига ўтказиш орқали қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш, қозонхоналарни модернизация қилиш ҳамда муассасаларнинг иссиқлик тизимини ва белгиланган меъёрларда ишлашини таъминлашни давлат–хусусий шериклик асосида босқичма-босқич жорий этиш чоралари кўрилиши белгиланган. 

– Қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 19 сентябридан вилоят штаби тузилиб, 27 октябрдан эса Республика ишчи гуруҳи вилоятда ўрганишлар олиб бормоқда, – дейди Жиззах вилоят куз - киш мавсумига тайёргарлик кўриш штабининг масъул ходими Сирожиддин Бердиқулов. – Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги 3 минг 600 та объект ўрганилиб, фуқароларнинг 2 минг 700 дан зиёд мурожаати ижобий ҳал этилди.

Жиззах шаҳри ва туманлардаги 6 та марказий, 5 та маҳаллий қозонхона, вилоят бўйича жами 11 та қозонхонада иш фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 106 та кўп қаватли аҳоли уйи ва 9 та ижтимоий соҳа объектига иссиқлик энергиясини етказиб берилиши йўлга қўйилган. 

Жиззах шаҳар Заргарлик маҳалласидаги 29 та кўп қаватли уйда 1 минг 400 та хонадонни иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида республика бюджетидан 24 миллиард 900 миллион сўм бўлган янги ЛК–1-сонли қозонхона қурилиб, фойдаланишга топширилди. 

Инвестиция дастурига киритилган Жиззах шаҳар “Иттифоқ”маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 31 та кўп қаватли уй учун маҳаллий ЛК–8-сонли қозонхона, 15 миллиард 100 миллион сўмга 1 та янги қозонхона ва 5,1 километр иссиқлик тармоқларининг қурилиш-монтаж ишлари якунланган. 
2023-2024 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида 1 миллиард 100 миллион сўм бюджет маблағлари ҳисобидан Жиззах шаҳри, Дўстлик, Зомин, Зарбдор ва Ғаллаорол туманларидаги жами 8 та табиий газ ва кўмирга мослаштирилган қозонхоналарни ўрнатиш ва 950 метр иссиқлик тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилди. Хусусан, мукаммал таъмирлаш бўйича 6 та қозонда 700 метр иссиқлик тармоқлари таъмирланган.

[gallery-14802]

– Вилоятдаги мавжуд 37 та қозонхона, 17 та ижтимоий соҳа объекти, 106 та кўп қаватли уйдаги 4 минг 452 та хонадонда 15 минг 582 нафар истеъмолчи марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминланган, – дейди Жиззах вилоят “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси раҳбари Зоҳид Раҳмонбердиев. – Давлат дастурига киритилган 2 та янги тежамкор қозонхонанинг қурилиши ва таъмирланишига республика бюджетидан 39 миллиард 400 миллион сўм маблағ сарфланди. Ушбу қозонхоналар 4 та ижтимоий соҳа объекти, “Иттифоқ”, “Заргарлик” МФЙлардаги истеъмолчиларга хизмат кўрсатади.

Жиззах вилояти бўйича 327 та ижтимоий соҳа объекти кўмир ёқилғисига мослаштирилиб, давлат-шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш режасига киритилган. Хусусан, 191 та умумтаълим мактаби, 70 та мактабгача таълим ташкилоти, 45 та соғлиқни сақлаш ҳамда 21 та маданият, мусиқа ва спорт муассасалари шулар жумласидан. 

Ҳозирда вилоятда қиш мавсумига тайёргарлик ишлари белгиланган режа асосида якунига етмоқда. 

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/7kJ-zHCx-DI" title="Жиззах вилояти куз-қиш мавсумига тайёрми?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),

ЎзА мухбирлари