Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти: Изчил ислоҳотларнинг амалдаги самараси
11:58 / 2021-12-20

Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг сессияси олдидан оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блогерлар ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари учун пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир давомида иштирокчилар вилоятнинг Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳамда ислоҳотларнинг ёрқин самараси билан таништирилди.

Пресс-тур иштирокчиларининг илк ташриф манзили халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши котибиятига бўлди. Улар котибият ходимлари, Олий Мажлис сенаторлари ва депутатлар ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларига яратилган шароитлар билан танишди. 

[gallery-5152]

Котибият вакилларининг самарали фаолият юритиши учун 3 та хона ажратилиб, замонавий компьютер ва мебель жиҳозлари билан таъминланган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг жорий йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг ижроси, ҳокимлар, унинг ўринбосарлари, тегишли бошқарма ташкилотларнинг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш режалаштирилган бўлиб, ҳисоботлар иш режасига асосан мунтазам равишда эшитилиб борилмоқда.

– Котибиятимиз томонидан иш режасида белгиланган тадбирлар, сессия муҳокамасига киритилган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш мақсадида барча доимий комиссиялар йиғилишлари ўтказиб борилмоқда, – дейди халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши котибияти раҳбари Нодира Каримова. – Доимий комиссиялар раислари ўзларига тегишли бўлган йиғилишларда мунтазам иштирок этиб келмоқда. Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 13 та сессияси ўтказилиб, 220 та масала муҳокама қилинди ва оммавий ахборот воситаларида барча сессиялар ёритиб борилди.

Мономарказда ёшлар 22 та касб-ҳунарга ўргатилмоқда

Пресс-тур иштирокчилари Жиззах шаҳридаги аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни касбга йўналтириш мақсадида ташкил этилган мономарказ билан ҳам яқиндан таништирилди. 

Қуввати бир вақтнинг ўзида 490 ўринга мўлжалланган Жиззах шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази собиқ Жиззах иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўрнида ташкил этилган бўлиб, мономарказ фаолият юритаётган бинони таъмирлаш ва жиҳозлашда, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 14 миллиард 400 миллион сўм ва Жаҳон банкининг 1 миллиард 145 миллион сўмдан ортиқ маблағлари жалб этилди. 

Марказ қайта реконструкция қилиниб, “WORLD SKILLS” талаблари асосида тўлалигича қайта жиҳозлаш ишлари ҳам якунига етказилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таркибий тизимига кирувчи банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи Жиззах шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида 5 та хизмат тури, 22 йўналишдаги касбга ўқитиш ва 5 та тил ўргатиш курслари фаолият юритмоқда. Мономарказда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган бандлиги вақтинча таъминланмаган жиззахлик йигит-қизлар учун сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича 8 та, техник соҳа бўйича 7 та, қурилиш соҳаси бўйича 5 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2 та касб турлари ташкил этилган.

Шунингдек, хорижий тилларни ўргатиш курсида рус, инглиз, корейс, хитой ва япон тиллари, рақамли технологияларни ўргатиш курсида эса компьютер саводхонлиги, дастурчи 
1С бухгалтерия мутахассисликлари ўргатилар экан. Айни пайтда, мономарказда 24 та касб-ҳунар ва 3 турдаги тил ўқув курсларида 317 нафар банд бўлмаган ёшлар малакали мутахассислар томонидан ўқитилиб, касб-ҳунарга ўргатилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

“Sambhram” университетдаги талабалар сони яқин келажакда 8 мингдан ортади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 29 июндаги “Жиззах шаҳридаSambhram университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан вилоят марказида “Sambhram” университети ташкил этилди.

Ҳиндистоннинг “Sambhram” университети нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланиб, унда ўқитиш кундузги таълим шаклида, инглиз тилида ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Университетда 2021-2022 ўқув йилида 2 мингга яқин талаба магистрантлар қабул қилинган бўлиб, таълим муддати 4 йил бўлган (кундузги) 3 та бакалавр йўналиши ва таълим муддати 2 йил бўлган 2 та магистратура мутахасссисликлари бўйича ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, бакалавриат – Ахборот технологиялари муҳандис-дастурчиси (B.Tech.IT) 700 нафар, Ахборот технологиялари фанлари (B.Sci.IT) 500 нафар, Бизнес бошқаруви (ВВА.IT) 700 нафар.

Магистратура йўналишида Ахборот технологиялари фанлари (М.Sc.IT) 50 нафар, Бизнес бошқаруви (МВА.IT) 50 нафар магистрантлар таҳсил олмоқда. Университет битирувчиларига Ўзбекистон ва Ҳиндистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом топширилади. Университет учун ажратилган Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов кўчасида жойлашган собиқ Олий ҳарбий авиация билим юрти бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачи этиб белгиланган. 

Бугунги кунда университетда 200 ўринли ошхона биноси ҳамда 500 ўринли ётоқхонада таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Университетнинг фаолият кўрсатиши учун жорий йилнинг 16 ноябрдаги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Нодавлат таълим хизматлари соҳасида фаолиятни амалга ошириши учун № 0039-сонли лицензия олинди. Ҳозирги кунда 1 минг 500 нафардан ортиқ талабалар дарс машғулотларида иштирок этмоқда. Дарс жараёнлари 2 сменада ташкил этилган. 

Университет фаолиятига Ҳиндистондан 16 нафар профессор-ўқитувчилар ва Ўзбекистондан 30 нафар профессор-ўқитувчилар жалб этилди. Яқин келажакда ушбу университетда 8 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олиши кўзда тутилган.

“Президент мактаби” да таълим – Cambridge Assessment International Education тизимида олиб борилмоқда

Тадбир иштирокчиларининг навбатдаги ташриф манзили жорий йилда Жиззах шаҳарида фаолият бошлаган “Президент мактаби” бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида вилоятнинг кўплаб иқтидорли ёшлари орасида бир неча босқичлардан иборат тест-имтиҳонларидан 144 нафар ўқувчи вилоят мактабларидаги 260 минг нафарга яқин ўғил-қизлар орасидан энг сараси, билимдони, иқтидорлиси сифатида бу ерда таълим-тарбия олмоқда. Қисқа фурсат ичида 70 миллиард 700 миллион сўм бюджет маблағлари эвазига бунёд этилган мазкур муассасада ўқувчилар учун 120 ўринли ошхонада барча шароитлар яратилган. 50 ўринли мактаб кутубхонасида 9 минг 500 дан зиёд энг сара китоб ва қўлланмалардан иборат фонд мавжуд.

Мактабдаги ўқув-тарбия жараёнлари халқаро Кембридж Эссессмент Интернейшнл Эдикейшн (Cambridge Assessment International Education) таълим тизими ва маҳаллий таълим тизими интеграциялашган ҳолда ташкил этилган. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг иқтидори, аниқ фанлар ва технологияларга қизиқиши, яратувчанлик салоҳиятини ўстиришга хизмат қиладиган робототехника, моделлаштириш, креатив ижод тўгараклари, физика, кимё, биология каби табиий фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўзлаштириш имконини берадиган лаборатория хоналари ташкил этилган.

Президент мактабида энг малакали маҳаллий ўқитувчилар билан биргаликда Филлипиндан 3 нафар, Ҳиндистондан 2 нафар, Хорватия, Покистон, Буюк Британия ва Шотландиядан 1 нафардан жами 9 нафар хорижлик малакали устозлар ёшларга таълим-тарбия  бермоқда.

Жиззахда биринчи марта 16 қаватли уйлар барпо этилмоқда

Жиззах шаҳрида 2017-2020 йиллар давомида хусусий сектор иштирокида жами 858 хонадонли 15 та, 4 ва 7 қаватли уй-жойларни қуриш ишлари амалга оширилган. Жорий йилда қурилаётган 1 минг 120 хонадонли 32 та кўп қаватли уй-жойларнинг катта қисми ҳам хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Бунда 860 та хонадонлар эгалари учун субсидия ажратиш орқали оилаларнинг уй-жой муаммосини ҳал этишга кўмаклашилди.

Дарҳақиқат, Жиззах шаҳрининг “Олмазор” маҳалласи кейинги йилларда жуда гавжумлашиб, бу ерда кўп вақатли уйлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Дастлаб 15 та 7 қаватли уй фойдаланишга топширилган бўлса, Жиззахда биринчи маротаба ҳар бири 80 хонадонга мўлжалланган 6 та 16 қаватли ва 4 та 9 қаватли уйлар қурилиши босқичма-босқич давом эттирилмоқда.

16 қаватли уйлар қурилиши, тан олиш керак, Жиззах вилояти ҳаёти учун илгари кузатилмаган ҳолат. Бунгача энг баланд турар жой 9 қаватли бўлган. 16 қаватли уйлар нима учун зарур деган савол юзага чиққанда ҳам бунга бирдан бир тўғри жавоб – урбанизация жараёнида марказ шаҳарлар аҳолиси сонининг кўпайиши, турган гапки, турар жой қурилишига мўлжалланган ер учун эҳтиёжнинг ошиши билан изоҳланса ўринли бўлади.

Сифат масаласи эса ҳар доим ҳам биринчи ўринда туради. Ҳар бир қаватда 5 та хонадон мавжуд, уларнинг 4 таси 3 хонали, 1 таси 1 хонали бўлиб, ҳар бир хонадон учун 2 та очиқ ҳавоза, балкон қурилган. Табиий газ таъминоти ердан то 9-қаватгача кўтарилган. Ундан тепа қаватлар учун эса таъминот тармоғи тепадан тушиб келади. Бу турмуш эҳтиёжи юқори бўлган мазкур коммунал хизмат – табиий газ таъминоти бир меъёрда тақсимот қилинишини кўрсатади. 16 қаватли бу уйларнинг ҳар бирига 2 тадан лифт хизмат кўрсатади. Осмонўпар ушбу биноларнинг қобирғаларини 14 метр чуқурликкача етиб борган мустаҳкам қозиқлар ушлаб туриши турли табиий офатларга чидамлилигидан далолат беради. Деворлар эса металл каркасларга қуйилган мустаҳкам бетон қоришмадан иборат. Хонадонларда иссиқлик бир меъёрда, ёзу қишда бир хил мўътадил об-ҳаво сақланиб турилишини таъминлаш мақсадида, ташқи деворларга базальт толасидан тўқилган қурилиш матоси қопланганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Велотурга ихтисослашган BMX майдони 

Жиззах шаҳридаги спортнинг велотурига ихтисослашган BMX майдони "Сангзоркўл" нинг 4 гектарли ҳудудини ўз ичига олади.

–Умумий лойиҳа қиймати 500 минг АҚШ доллари бўлган ушбу мажмуа жорий йилда фойдаланишга топширилди, – дейди Ўзбекистон велеспорт федерацияси Жиззах вилояти бўлими ижрочи директори, Жиззах олимпия захиралари коллежи директори Хуршид Атакулов. – Лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан 3,2 гектар майдонда 2 минг 500 томошабинга мўлжалланган “Велотрек” мажмуаси велоспортнинг 4 йўналиши бўйича мусобақалар ўтказишга мўлжаллаб бунёд этилган.

Мажмуа Сочи шаҳридаги “Велотрек” мажмуаси лойиҳаси асосида қурилган бўлиб, қурилиш Украина, Бельгия ва Франциядан келган мутахассислар кўмаги билан амалга оширилган. Жаҳон андозаларига тўла-тўкис жавоб берадиган спорт мажмуасида "Велотрек" нинг ВМХ йўналиши бўйича нафақат республика, балки халқаро миқёсидаги мусобақаларни ўтказиш мумкин. Бундан ташқари, жаҳон стандартига тўла жавоб берадиган 4 та теннис корти, 4 та мини футбол майдони мавжуд. Шунингдек, ушбу спорт шаҳарчасида болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 3 юлдузли меҳмонхона ҳам барпо этилмоқда.

“Голд Фиш агро” МЧЖ балиқчилик ва узумчилик кластери

Шароф Рашидов тумани ҳудудидаги янги иновацион технологиялар асосида барпо этилган “Голд Фиш агро” масъулияти чекланган жамиятига уюштирилган ташриф иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. 

Айни пайтда, Жиззах вилоятида 220 дан ортиқ балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларда йил якуни билан жами 23 минг тонна балиқ етиштириш мўлжалланган. Бу йил уларнинг сафига “Голд Фиш агро” МЧЖ ҳам қўшилди. 

– “Голд Фиш агро” МЧЖ жорий йилнинг сентябрь ойида ўз фаолиятини бошлади, – дейди МЧЖ раҳбарининг ўринбосари Нурмуҳаммад Қурбонов. – Кластеримизнинг умумий майдони 43 гектар бўлиб, қиймати 30 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа увилдириқларни тайёрлашдан тортиб, балиқ етиштириш, қайта ишлаш, ем ишлаб чиқаришни қамраб олиши режалаштирилган. Мавжуд 43 гектар майдоннинг 4 гектарида интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштириш йўлга қўйилган экан. Сунъий ҳовузларда Хитой технологияси ўрнатилган. Бу доимий сув талаб қилмайди, балки ўзидаги сувни қайта айлантириб ишлайди. Ҳозир ҳар бир сунъий ҳовузда мингтагача балиқнинг “сазан” (зоғора) тури боқилмоқда. 2 гектар майдонни эгаллаган сунъий кўлларда эса ярим интенсив усулда балиқ парваришланаётир. Умуман, кластер йилига 500 тонна балиқ етиштириш қувватига эга. Шу ернинг ўзида балиқни қайта ишлаш цехи, 800 тонна сиғимли замонавий музлатгичлар ҳам бор экан.

Эътиборли томони, бу ерда балиқчиликка ўргатиш қисқа муддатли пулли ўқув курси ҳам ташкил этилган. Унда балиқчиликнинг барча сир-асрорлари ипидан-игнасигача ўргатилади. Ўқиш ҳафтасига 2 кун бўлиб, 1 ой давомида балиқлар учун ҳовизчалар қуриш, балиқни увулдириқдан урчитиш, озиқлантириш, парваришлаш, сувни алмаштириш, кислород билан тўйинтириш ва ҳоказолар ҳам назарий ҳам амалий жиҳатдан ўргатилади. Бундан ташқари, 20 гектар майдонга винобоп узум навлари экилиб, яна 2 йилдан кейин токлар ҳосил бериб бошлайди. Кластер ҳудудида экспортбоп вино тайёрлаш ва балиқдан эспортбоп консерва маҳсулотлдари тайёрлаш йўлга қўйилиши ҳам режалаштирилган. Айни пайтда, МЧЖда доимий 6, мавсумий 8 нафар ходимлар меҳнат қилаётган бўлса, юқорида таъкидланган лойиҳалар амалга оширилгач, яна 20 дан ортиқ доимий иш ўринлари яратилади.

Шароф Рашидов музейи – Жиззах тарихининг кўзгуси

Пресс-тур иштирокчиларининг сўнгги ташриф манзили вилоят марказидаги Шароф Рашидов музейи бўлди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2006 йил Шароф Рашидовнинг номи оқлангандан сўнг, таваллудининг 90 йиллиги шарафига ушбу музей ташкил этилган эди. Орада 10 йиллар давомида музей эътибордан четта қолди. 2017 йил Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидовнинг 100 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Унга музей тубдан қайта реконструкция қилинди. 

Музейдан Шароф Рашидовнинг болалик чоғидан бутун ҳаёти ва фаолиятини қамраб олган экспонатлар жой олган. Шароф Рашидов Мирзачўлни ўзлаштириш йиллари келган пайтида кечаси тунаб қолган вагон ҳам музей ҳовлисига таъмирланиб, экспонат сифатида қўйилган. Ушбу музейдан ташқари, Шароф Рашидов туғилиб ўсган отаси Рашид бобонинг ҳовлиси ҳам қайта таъмирланиб, Шароф Рашидов уй музейига айлантирилди.

Республикамиз пойтахтидан келган марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар учун Жиззах вилоятига уюштирилган пресс-тур барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат) ЎзА