Жиззах вилояти ҳокимлигида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев раислигида ўтказилган йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан вилоят прокурори ҳамда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг маърузалари тингланди.

Йиғилишда 2025 йилда вилоятда жиноятчилик ҳолати, унинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммо ва долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, жиноятларни фош этиш, қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ва ушлашга қаратилган тезкор-қидирув тадбирларининг тўлиқлиги ҳамда қонунийлиги юзасидан ўрганишлар натижалари таҳлил этилди.

Йиғилиш якунида Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдида турган келгуси устувор вазифалар белгилаб олинди.
***
Жиззах вилоятида қарздорлик билан боғлиқ муаммоларга қарши курашиш доирасида Мажбурий ижро бюроси ҳамда вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида қидирувда бўлган автотранспорт воситаларини аниқлашга қаратилган рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Рейдлар Жиззах шаҳри ва туманларининг марказий кўчаларида махсус ишчи гуруҳлар томонидан ташкил этилди. Тадбирлар давомида 83 та автотранспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилди. Уларнинг 57 таси турли сабабларга кўра қидирувда бўлгани аниқланди.

Айни пайтда ушбу йўналишдаги назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
***
Жиззах вилояти ИИБ, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда Зомин тумани ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қонунбузарлик ҳолати аниқланди.

Хусусан, Зомин туманининг “Қўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, 1992 йилда туғилган фуқаро 2,49 грамм оғирликдаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини сотиш вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди.

***
Жиззах вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходималар ўртасида “Китоб тафаккур хазинаси” ғояси асосида “Энг яхши китобхон ходима” танлови ташкил этилди.

Жиззах давлат педагогика университети ўзбек адабиётини ўқитиш методикаси кафедраси доценти ҳакамлигида ўтган танловда иштирокчиларнинг мутолаа маданияти, билим савияси ва таҳлил қобилияти баҳоланди. Натижаларга кўра, биринчи ўринни Шароф Рашидов тумани ички бўлими хотин-қизлар жамоаси, иккинчи ўринни Ғаллаорол тумани ИИБ, учинчи ўринни эса Зарбдор тумани ИИБ ходималари қўлга киритишди.


Қайд этилишича, бундай маънавий-маърифий тадбирлар аёл ходималарнинг дунёқарашини кенгайтириш, китобга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилади. Келгусида ҳам ушбу йўналишдаги танловларни мунтазам ўтказиб бориш режалаштирилган.
***
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари томонидан Жиззах шаҳридаги “Маданият” ҳамда Ғаллаорол туманидаги Ғафур Ғулом маҳаллаларида криминоген вазият ўрганилди.

Ўрганишлар жараёнида уч йилдан буён “қизил” тоифада бўлиб келаётган “Маданият” маҳалласи ҳамда криминоген аҳволи оғир ҳисобланган “Ғафур Ғулом” маҳалласи профилактика инспекторларининг хизмат фаолияти, иш ҳужжатлари ва хизмат хоналари кўздан кечирилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, “Маҳалла еттилиги” аъзолари билан учрашувлар ўтказилиб, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, “хонадонбай” ҳамда “фуқаробай” ўрганиш ишларини тизимли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир, ишсиз ва низоли оилалар билан манзилли ишлаш орқали бирламчи профилактика чораларини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА