Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти ҳокимлиги тузилмасига киритилаётган ҳоким ўринбосарларининг асосий вазифалари белгиланди
10:56 / 2026-02-04

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Жиззах вилоятида саноат ва қишлоқ хўжалиги бошқарувини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Жиззах вилоятида саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига инвестицияларни жалб қилиш, ушбу йўналишда кенг кўламли ислоҳотларни янада жадаллаштириш, ҳудудда саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларининг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш мақсадида Жиззах вилояти ҳожимининг ўринбосари - вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи лавозими тугатилиб,  вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасида мавжуд штат бирликлари доирасида бошқарма бошлиғи лавозими сақлаб қолинади. 

Жиззах вилояти ҳокимлиги тузилмасининг умумий штат бирликлари доирасида: 

а) ҳокимнинг тоғли ҳудудлар ва яйловларни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосари; 

б) ҳокимнинг дашт ва чўл ҳудудларида саноатни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосари лавозимлари киритилади. 

Қуйидагилар Жиззах вилояти ҳокимлиги тузилмасига киритилаётган ҳоким ўринбосарларининг асосий вазифалари этиб белгиланди: 

а) ҳокимнинг тоғли ҳудудлар ва яйловларни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосарининг: 

(Тоғли ҳудудларда фойдали қазилма захирасига эга ер участкаларини аниқлаш ва зарур инфратузилмани яратиш, тоғ-кон саноати йўналишидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш; 

тоғ ва яйлов ҳудудларининг саноат, ишлаб чиқариш, туризм, экспорт бўйича салоҳиятини ошириш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш; яйлов ҳудудларида қишлоқ хўжалигига мос келадиган "ўсиш нуқталари"ни аниқлаш, чорвачилик, боғдорчилик, асаларичилик соҳаларини ривожлантириш ҳамда экспортбоп ўсимликлар етиштиришни йўлга қўйиш; 

Тоғли ҳудудлар ва яйловларни муҳофаза қилиш, деградацияга учраган яйловларни қайта тиклаш ва глобал иқлим ўзгаришларига мослашувчан экотизимни яратиш; 

б) ҳокимнинг дашт ва чўл ҳудудларида саноатни ривожлантириш, инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосарининг: 

дашт ҳудудларида янги имкониятларни аниқлаш, зарур инфратузилмани яратиш орқали вилоят саноатидаги ва ялпи ишлаб чиқаришга қўшадиган улушини ошириш; 

чўл ҳудудларда ерости сув захираларини аниқлаш, улардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантириш; 

дашт ва чўл ҳудудларида экологик инфратузилмани барпо этиш, чанг бўронларининг олдини олишга қаратилган "яшил белбоғлар"ни ташкил этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш мақсадида қуёш панеллари фермалари ва шамол генерациясини оммалаштириш; 

дашт ва чўл ҳудудларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш орқали ҳудудларда чорвачилик, қуёнчилик, туячиликни ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш. 

2026 йилдан бошлаб янги киритилаётган вилоят ҳокими ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашда натижага йўналтирилган бошқарув тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилади. Бунда: 

а) уларга самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларини белгилашда тегишли ҳудудларда саноатни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича стратегик кўрсаткичлар ва мақсадли индикаторлар кўзда тутилади; 

б) фаолият самарадорлигини баҳолаш бўйича KPI кўрсаткичлари таснифланади (стратегик, ҳудуд ва туман), уларнинг ўзаро мутаносиблиги таъминланган ҳолда ишлаб чиқилади; 

в) уларнинг фаолияти самарадорлиги KPI кўрсаткичлари бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида белгиланган мақсадларга эришганлик даражаси ва натижадорлиги билан баҳоланади; 

г) KPI кўрсаткичларига эришиш бўйича "йўл хариталари" натижага йўналтирилган бошқарувга асосланган чора-тадбирлардан иборат бўлади; 

д) KPI кўрсаткичларига эришиш натижаси ҳар чорак ва йил якуни бўйича "samaradorlik.gov.uz" электрон платформасида баҳоланади. 

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Жиззах вилояти ҳокимлигида жорий қилинган тажриба-синовнинг ижобий натижаларини бошқа ҳокимликларда ҳам жорий қилиш юзасидан 2026 йил декабрь ойига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритиши назарда тутилган.

ЎзА