Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилоят хабарлари – қисқа сатрларда
15:02 / 2024-10-26

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Зарбдор, Бахмал ва Ғаллаорол туманлари солиқ инспекцияларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирокида навбатдаги профилактик тадбир ташкил этилди.

Унда коррупцияга ва терроризмга қарши кураш ҳамда киберхавфсизлик масалалари хусусида сўз  юритилиб, солиқ хизмати ходимларига мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди ва бундай иллатга қарши муросасизлик иммунитетини шакллантириш лозимлиги таъкидланди.

Худди шундай тадбирлар белгиланган жадвал асосида вилоятнинг бошқа туманлар инспекциялари билан ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

***

Жиззах гарнизонидаги “Н” ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ва ҳарбий комендатура томонидан Зомин туманидаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Ёшлар  миллий армиямиз нигоҳида!” шиори остида ҳарбий ватанпарварлик фестиваллари ўтказилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар ёшларга миллий армиямизнинг куч-қудрати, унда яратилаётган кенг имкониятлар, Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилиш ва олий ҳарбий таълим муассасаларида таҳсил олиш тўғрисида маълумотлар бериб ўтмоқда.

Фестивал давомида ташкил этилган қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбий оркестр жамоаси томонидан янграган куй-қўшиқлар  ёшларда ҳарбийлик касбига ҳурмат ва ғурур туйғуларини янада ошираётир.

 ***

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан тасдиқланган қўшма режага асосан Миллий гвардия Жиззах вилояти бошқармаси болалар билан ишлаш бўлимининг инспектор-психологлари томонидан умумтаълим мактабларида ўқувчи- ёшлар билан боғлиқ бўлган йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтириш, улар ўртасида ҳаракат хавфсизлиги бўйича кўникмаларни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Пахтакор тумани мактаб ва мактабгача таълим бўлимига қарашли умумтаълим мактабларида туман инспектор-психологлари томонидан ўқувчи-ёшлар ўртасида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбир ташкил этилди.

***

Ғаллаорол  туман оила ва хотин-қизлар ҳамда туман ФҲДЁ бўлимлари томонидан “Ёш келин-куёвлар мактаби”да ўтказилган ўқув машғулотларида туман адлия бўлими, туман бош имом хатиби, туман тиббиёт бўлими масъуллари иштирок этиб, оила ва унинг муқаддаслиги тўғрисида маърузалар ўқишди.  

Машғулотларда оилавий-ҳуқуқий муносабатлар ҳам муҳокама қилинди ва оилавий ажралишларнинг олдини олиш, маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантириш мавзуларида давра суҳбатлари ташкил этилди. Шунингдек, янги оила қуриш остонасида турган ёшлар ва ёш оилалар ҳаётида дуч келиши мумкин бўлган муаммолар ҳам ўртага ташланди.

Ўқув машғулотлари якунида ёш келин-куёвларга махсус сертификатлар топширилди.

***

Фориш туман адлия бўлими ходимлари томонидан энг чекка “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинида “Адлия куни” тадбирлари ўтказилди.  

Ўзбекистон Республикаси  Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида уйма-уй юрилиб,  фуқароларнинг ҳуқуқий муаммолари ўрганилди ва тушунтиришлар берилди. Сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилди.

“Адлия куни” тадбирлари доирасида маҳалла аҳолиси учун тиббий кўрик ҳам ташкил этилиб, фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди.  

[gallery-20002]

А.Қаюмов, ЎзА мухбири