Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида Корея Республикасининг Чхорвон тумани делегацияси ташрифи ўзаро аҳиллик ҳамда дўстона руҳда ўтди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Чхорвон тумани — Жанубий Кореянинг Канвондо провинциясида жойлашган маъмурий ҳудуд бўлиб, корейс тилида “철원군” (Cheorwon-gun) деб аталади. Ушбу ҳудуд тарихи, табиати ва ривожланаётган иқтисодиёти билан ажралиб туради. Ташриф доирасида делегация таркибида маданият, санъат, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа соҳалар вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Чхорвон туманининг маданият ва санъат ташкилотлари мамлакатимиздаги Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси билан узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. Маданий алмашинув дастурлари доирасида ҳар йили кореялик хор жамоалари юртимизга ташриф буюриб, қўшма концертлар уюштиришади. Бундай ижодий тадбирлар икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Ташрифнинг асосий мазмуни халқлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш, мусиқа орқали бирдамлик туйғусини юксалтириш, маданий меросни бойитиш ва ижод муҳитини янада кенгайтиришдан иборат бўлди. Жиззах вилояти ҳокимлиги Анжуманлар саройида бўлиб ўтган дўстлик концертида икки халқнинг миллий руҳини акс эттирган санъат намуналари ижро этилди. Ушбу гўзал ва мазмунли тадбир юзлаб томошабинлар қалбида катта таассурот қолдирди.

Концертдан сўнг, Канвондо провинцияси хор жамоаси раҳбари Чанг Ҳея Вон хоним ўз фикрларини шундай баён этди:
— Ўзбек санъатидаги чуқур маъно ва миллий руҳ бизларни жуда таъсирлантирди. Мусиқаларингиз орқали халқингиз қалбини ҳис қилдик. Маданият – бу халқлар ўртасидаги кўприкдир. Биз айнан шу кўприкни биргаликда барпо этишдан мамнунмиз. Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз йил сайин янада мазмунли бўлиб бормоқда.

Меҳмонлар, шунингдек, Шароф Рашидов туманидаги “Туёқли” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлиги, кичик бизнес ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, хонадонларда томорқадан унумли фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишишди. Ушбу соҳалардаги саъй-ҳаракатлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Хорижлик меҳмонлар маҳаллий аҳоли учун яратилган қулай шарт-шароитлар, янги иш ўринлари яратилиши ҳамда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни юксак баҳоладилар.

Ташрифнинг яна бир муҳим жиҳати — икки туман ўртасида ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш борасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилингани бўлди.
Шароф Рашидов тумани ҳокими Асилбек Ашуров ҳамда Чхорвон тумани ҳокими жаноб Ли Ҳён-Жонг ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди. Келишув доирасида қишлоқ хўжалиги технологиялари, “ақлли фермерчилик”ни жорий этиш, экологик тоза маҳсулотлар етиштириш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича қатор йўналишлар белгиланди.
Мазкур келишувга оид фикрлари билан ўртоқлашган Чхорвон тумани қишлоқ хўжалиги технологиялари маркази раҳбари жаноб Шин Сук Чон жумладан шундай деди:
— Шароф Рашидов туманидаги фермерлик моделлари ва замонавий ёндашувлар биз учун катта қизиқиш уйғотди. Биз бу ерда кўрилган тажрибаларни ўзимизда ҳам жорий этишни режалаштирмоқдамиз. Бу ҳамкорлик икки халқ манфаатига хизмат қилиши ва ҳамкорликда янги лойиҳаларнинг амалга ошишига ишонамиз.
Томонлар мазкур келишувни босқичма-босқич амалга ошириш, доимий мулоқот ва ахборот алмашувини таъминлашга келишиб олдилар. Ушбу ҳамкорлик нафақат икки туман, балки икки мамлакат ўртасидаги стратегик алоқаларни янада мустаҳкамлашга замин яратиши шубҳасиз.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари