Юртимизга ташриф буюрган Баҳрайн давлатининг етакчи журналистлари, блогерлари ва инфлуенсерларидан иборат делегация учун Жиззах вилоятига инфо-тур ташкил этилди.
Хорижий меҳмонлар Зомин туманининг диққатга сазовор жойлари, “Миллий табиат боғи”, “Суффа 2400” платосидаги туризм масканлари билан бирга вилоятимизнинг бой маданий мероси, урф-одатлари, гастрономияси ва бетакрор табиати билан яқиндан танишдилар.

Инфо-тур доирасида хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан вилоятимиз туризмнинг жозибадорлиги ҳақидаги 50 дан ортиқ фото, видео ва мақолалар Баҳрайннинг “Al-Wasat”, “Akhbar Al Khaleej Daily Newspaper”, “Al-Ayam”, “Axbor al-Xalij”, “Alayam News” каби нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқлардан жой олди.

Ушбу ташриф Жиззах вилоятининг халқаро миқёсдаги ижобий имижини мустаҳкамлаш, туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда Баҳрайн Подшоҳлигидан сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қилади.

Айни пайтда Жиззах туризми жадал ривожланмоқда, унинг табиий гўзаллиги ва маданий бойликлари хорижлик сайёҳларнинг эътиборини тортмоқда. Бу эса нафақат минтақамиз иқтисодиёти учун янги имкониятлар яратади, балки Ўзбекистоннинг халқаро аренадаги нуфузини янада оширади. Мазкур саъй-ҳаракатлар туризм соҳасидаги ҳамкорлик ва инвестицияларни рағбатлантириш учун ҳам муҳим босқичдир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА