Жиззах вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик бу сафар одатий тарзда эмас — мутлақо янги ёндашув ва шижоат билан бошланди. Бу ишлар фақат мавсумий таъмирлаш эмас, балки вилоятнинг ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини тубдан янгилаш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар кўламини акс эттиради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 апрелда қабул қилинган “2022–2026 йилларда Жиззах вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада дастурий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Жорий йиилнинг 22 июль куни Жиззахга ташриф буюрган давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев вилоятнинг бугунги ҳолати билан яқиндан танишар экан, аҳолининг айнан яшаш шароитига эътибор қаратди. Айниқса, эски кўп қаватли уй-жойлар замон талабига мос равишда модернизация қилиниши, уларнинг ташқи қиёфаси замонавий ва мустаҳкам базальт материаллари билан қопланиши бўйича топшириқлар берди.
Шунга мувофиқ, бу ишлар учун 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланди. Бу маблағлар орқали эса 1045 та кўп қаватли уй-жой қайта таъмирланади, уларнинг томлари янгиланади, муҳандислик коммуникациялари эса тубдан қайта кўриб чиқилади.

– Ҳар бир хонадонда инсон яшайди. Улар учун қулайлик яратиш – биринчи галдаги вазифамиз, – дейди Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари вазифасини бажарувчи Шуҳрат Жўраев. – Ушбу дастур фақат фасадни янгилаш эмас, балки уйнинг ичи ва атрофида тўлиқ янги муҳит яратишга қаратилган.
Амалга оширилаётган ишлар рақамларда ўз ифодасини топса-да, улар замирида минглаб инсонларнинг реал ҳаёти, кундалик эҳтиёжлари мужассам. Жорий йил охирига қадар 91 минг погонаметрдан зиёд ичимлик сув тармоқлари, 33 минг погонаметр канализация шохобчалари ва 1680 погонаметр иссиқлик қувурлари тўлиқ янгиланиши режалаштирилган.

Бу жараёнларда фақат тармоқлар эмас, балки бутун тизим замонавий талабларга мослаштирилмоқда. Масалан, 134 та янги иситиш қозони ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, бу қишда иссиқлик таъминотида узилишлар бўлиши эҳтимолини минимал даражага туширади. Шунингдек, 600 дан ортиқ кириш эшиклари, мингдан зиёд фрамугалар алмаштирилиб, 70 та видеокузатув камераси ўрнатилмоқда. Электр таъминоти тизимида эса 2300 га яқин электр қурилмалари янгиланмоқда.

Аҳоли фаровонлигини таъминлаш мақсадида болалар учун 120 га яқин ўйин майдончалари қурилиши, уйлар ва кўчалар атрофида мингдан ортиқ тунги чироқлар ўрнатилиши кўзда тутилган. Бугунга келиб, фақат Жиззах шаҳрининг ўзида 46 та кўп қаватли уй базальт қопламаси билан янгиланган, 9 та уйнинг томи эса тўлиқ таъмирланган.
Қоплаш ишларида ишлатилаётган базальт материаллари нафақат ташқи кўринишни замонавийлаштиради, балки иссиқликни сақлаш ва шовқинни камайтириш борасида ҳам муҳим самара беради. Шунингдек, қишда иссиқликни ушлаб қолиш, ёзда эса салқинликни сақлаш хусусиятларигаига эга.
– Энергия тежамкорлиги 30–35 фоизгача ортиши мумкин. Жазирама иссиқда ҳаво совутгичларига эҳтиёж эса уч баробарга камаяди, – дейди Шуҳрат Жўраев. – Шу билан бирга, базальт моддаси шовқинни сезиларли даражада камайтиради. Одатдаги 30-40 децибель шовқинни 15-20 децибелгача тушириши тажрибаларда кўп бора исботланган. Бу кўп қаватли уйлардаги аҳоли учун жуда муҳим.
Бу йирик кўламли ишлар фақат расмий ташкилотлар томонидан эмас, маҳаллий Кенгаш депутатлари, маҳалла фаоллари ва аҳоли иштирокида амалга оширилмоқда. Мурожаатлар асосида жойларда аниқланган муаммоларга манзилли ёндашилаётгани, жамоатчилик назорати таъминланаётгани эса ўз натижасини бермоқда.
Йўлаклар, томлар, канализация шохобчалари, электр тармоқлари, йўл ва ўйин майдончалари – ҳар бир қурилма алоҳида эътибор билан таъмирланмоқда. Бу фақат Жиззах эмас – бутун республика учун намунавий тажрибага айланмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири