Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Жиззах шаҳридаги Президент мактаби ҳамкорлигида тизимда янги лойиҳани амалга оширишга киришилди.
Вилоятдаги умумтаълим мактаблари STEAM фанлар ўқитувчилари ҳамда тумандаги мактаб битирувчилари учун ташкил этилган семинар-тренинг “Замонавий таълим методларини босқичма-босқич татбиқ этиш кўникмалари” мавзусига қаратилди.


Ғаллаорол тумани ихтисослаштирилган мактабида бўлиб ўтган тадбирда вилоят, шаҳар ва туман мактабгача ва мактаб таълими бошқарма, бўлимлар раҳбарлари, хорижлик ва умумтаълим мактаблари STEAM фанлари ўқитувчилари ҳамда тумандаги мактаб битирувчилари иштирок этди.
STEAM – таълимни ҳақиқий ҳаёт билан боғловчи технология бўлиб, STEAM ёндашувининг асосий ғояси: амалиёт назарий билим каби жуда муҳимдир. Ушбу лойиҳа дастлаб вилоятнинг Ғаллаорол ва Бахмал туманларида ташкил этилди.


Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида асосий инвестиция таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши, мактабларда таълим сифати, жамиятда ўқитувчи нуфузини ошириш, устоз-муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифалардан бири экани алоҳида таъкидлаб ўтилган.
– Президетимизнинг жорий йил 28 февралдаги “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ҳамда 2023 йил 20 январдаги – мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида ҳам хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш ва ўқувчиларни касбга йўналтириш масалалари борасидаги топшириқлар ижроси доирасида республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги каби вилоятимизда ҳам кенг кўламдаги ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда, – дейди Жиззах вилояти МваМТБ бошлиғи Феруза Солиева. – Юксалиш сари юз тутаётган мамлакатимиз ёшларига бугун ҳеч бўлмаса 2 та хорижий тилларни ўргатишимиз ва бирор касб-ҳунарга йўналтиришимиз жуда муҳимдир.


Умумтаълим мактабларида таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш олдимизда турган бугуннинг энг долзарб вазифаларидандир. Бугунги семинар-тренингдан кўзланган асосий мақсадимиз ҳам шундан иборат эди.

Жонли мулоқот ва амалий назарий тарзда ўтган семинар-тренингда юқори малакали маҳаллий ва хорижлик ўқитувчилар тадбир иштирокчиларига “Замонавий таълим методларини босқичма-босқич татбиқ этиш кўникмалари” мавзусига оид янги билим ва тажрибаларни улашди, уларнинг саволларига батафсил жавоб берди.
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тажрибасини татбиқ этишга қаратилган ушбу лойиҳа вилоятнинг барча ҳудудларида ташкил этилиши кўзда тутилган.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА