Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах сув омбори — имкониятлар майдони
11:49 / 2026-02-11

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида жойлашган Жиззах сув омбори бугун нафақат ирригация иншооти, балки иқтисодий фаоллик, ёшлар бандлиги ва экологик барқарорлик уйғунлашган муҳим маскан сифатида намоён бўлмоқда.

Шу маънода, ушбу ҳудудда ёрдамчи хўжалик фаолиятини ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижросига бағишланган амалий семинарнинг ўтказилиши алоҳида аҳамият касб этди.

Семинарда Сирдарё–Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислар ва соҳа ходимлари иштирок этиб, сув хўжалиги объектлари ҳудудларидан самарали фойдаланиш масалаларини муҳокама қилдилар. Асосий эътибор ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш орқали қўшимча даромад манбаларини яратиш, янги иш ўринлари очиш ҳамда ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилди.

Туятортар–Қли ирригация тизимлари бошқармаси вакили У. Суяров тақдимотида ёрдамчи хўжаликларни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда уларнинг иқтисодий самараси ҳақида батафсил маълумот берилди. Қайд этилганидек, бундай хўжаликлар ишчи-ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан бирга, тизимда барқарор молиявий муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Муҳокамалар жараёнида ёш мутахассислар масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Ёшларнинг ташаббусларини рағбатлантириш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришда муҳим омил экани таъкидланди. Шу билан бирга, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва соҳада фаол иштирокини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Семинар доирасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Жиззах сув омбори ва унга туташ ҳудудларда кўчат экиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда экологик муҳитни яхшилашга қаратилган ишлар тизимли тарзда олиб борилаётгани қайд этилди.

Маълумки, 1963–1973 йилларда барпо этилган Жиззах сув омбори Сангзор дарёси сув оқимини мавсумий тартибга солиш орқали қарийб 9 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг сув таъминотини яхшилаб келмоқда. Сўнгги йилларда эса ушбу иншоотдан балиқчилик ҳамда турли ёрдамчи хўжалик йўналишларида самарали фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Жиззах сув омборида ўтказилган амалий семинар сув хўжалиги тизимида иқтисодий манфаат, ёшлар бандлиги ва экологик масъулиятни уйғунлаштириш мумкинлигини амалда кўрсатди. Бу эса соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаёт билан ҳамнафас эканидан далолат беради.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири