French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах — полизчиликда етакчи
11:25 / 2026-02-20

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар полизчилик тармоғида ҳам амалий натижа бермоқда. Кўрсаткичлар бу ўсиш ортида тизимли ёндашув ва самарали аграр сиёсат турганини яққол тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2025 йилда республика бўйича барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 3 миллион 300 минг тонна полиз маҳсулотлари етиштирилди. Бу 2024 йилга нисбатан 16,2 фоиз ўсиш демакдир.

Ҳудудлар кесимида Жиззах 430 минг 634 тонна ҳосил билан пешқадам бўлди. Бу натижа агротехнологияларни янгилаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, серҳосил навларни жорий этиш ва фермерларни манзилли қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар самарасидир. Айниқса, Мирзачўл ва Арнасой туманларидаги ўсиш умумий кўрсаткичларга салмоқли ҳисса қўшди.

Кейинги ўринларда Сирдарё — 417 минг 796 тонна, Сурхондарё — 379 минг 753 тонна, Қашқадарё — 286 минг 325 тонна ҳосил олган. Шунингдек, Андижон, Фарғона, Бухоро, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд, Наманган, Навоий ва Тошкентда ҳам полизчилик барқарор ўсиш суръатини сақлаб қолмоқда.

Мутахассислар фикрича, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, экспортбоп навлар улушини ошириш ҳамда илғор агротехнологияларни жорий этиш ҳудудлар рақобатбардошлигини янада мустаҳкамлайди. Қўшимча қиймат занжирини шакллантириш эса полизчиликни хомашё етиштиришдан даромадли агробизнес босқичига олиб чиқади.

Полизчиликдаги бу суръат қишлоқ аҳолиси даромадларини ошириш, ички бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Жиззахнинг етакчилиги эса ислоҳотлар амалда ўз самарасини бераётганининг аниқ ифодасидир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири