Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах мактабларида жисмоний тарбия фанини ўқитиш даражаси қониқарлими?
17:39 / 2025-01-30

Мамлакатимизда кейинги 7 – 8 йил давомида ўқитувчи-муаллимларнинг обрў-эътиборини ошириш, уларнинг қадрини юксалтириш, касбий ва жисмоний маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 13 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернати, Жиззах шаҳридаги Президент мактаби, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаблари фаолият юритмоқда. Жорий ўқув йилидан бошлаб вилоятда 562 та умумий ўрта таълим мактаби, 14 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ва 1 та вилоят болалар кутубхонаси фаолият олиб бормоқда. Янги ўқув йилидан бошлаб вилоятда янгидан бунёд этилган 4 та умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларни ўз бағрига олганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. 

Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими тизими мутасаддилари томонидан Президентимизнинг 2024 йил 15 ноябрдаги “Умумий ўрта таълим мактабларида жисмоний тарбия фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида муаян ишлар амалга оширилмоқда.

– Мактабимизда 1610 нафар ўқувчига 3 нафар олий, 1 нафар биринчи ва 1 нафар иккинчи тоифали жисмоний тарбия ўқитувчиси сабоқ бериб келмоқда, – дейди Жиззах шаҳридаги 10-сонли умумтаълим мактаби олий тоифали жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Асил Аҳмаджонов. – Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 ноябрдаги қарори мактабларимизда жисмоний тарбия фанининг ўқитилишида, спорт турларининг ривожланишида ва шу предмет ўқитувчиларининг касбий фаолияти равнақида муҳим аҳамият касб этади. 

Қарорда тизимнинг мутасадди раҳбарлари билан бир қаторда ҳар бир жисмоний тарбия фани ўқитувчиси олдига жуда муҳим ва долзарб вазифалар қўйилмоқда. Масалан, умумтаълим мактабларида селекция ишларини олиб бориш, спорт турлари бўйича янги тўгаракларни ташкил этиш, жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими самарадорлигини таъминлаш кабилар шулар жумласидандир.

Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари қизиқиши, хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, таълим муассасаси қошида волейбол, баскетбол, гандбол, футбол, шахмат, шашка, гимнастика, енгил атлетика каби спорт тўгараклари мунтазам равишда фаолият юритиб келмоқда. Ушбу тўгаракларга болаларнинг иқтидорига қараб аъзо қилинганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

[gallery-21520]

Ўқувчи-ёшлар ўртасида ўтказилган республика, вилоят ва шаҳар спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндорлар орасида шу мактаб ўқувчиларининг борлиги қувончлидир. 

Масалан, жорий йилнинг 13 - 20 январь кунлари шахмат бўйича кичик ёш тоифасидаги ўқувчилар ўртасида Андижон шаҳрида ўтказилган республика беллашувида 9 ёшгача бўлган қиз болалар ўртасида мактабнинг 2-синф ўқувчиси Муслима Баҳромова билиц-шахмат йўналишида фахрли 3-ўринни эгаллади.

Айни пайтда шахмат бўйича 8, 10 ва 12 ёш тоифасида ўқувчи ўғил ва қиз болалар ўртасида Жиззах шаҳри мезбонлигида ўтказилаётган Ўзбекистон биринчилигида иштирок этаётган 400 нафар кичик ёшдаги спортчининг 3 нафари айнан шу мактаб ўқувчиси эканини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.

Таълим муассасасини тамомлаб кетганларнинг 2 нафари Осиё чемпиони, 1 нафари жаҳон кубоги соҳиби ва 15 нафари Ўзбекистон чемпионати ғолиби бўлгани катта фахрдир.

– Вилоятимиз бўйича жами 560 дан ортиқ умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, ушбу таълим масканларида 1437 нафар жисмоний тарбия фани ўқитувчиси фаолият юритмоқда, – дейди Жиззах вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Фаррух Худойбердив. –Президентимизнинг 2024 йил 15 ноябрдаги “Умумий ўрта таълим мактабларида жисмоний тарбия фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бошқармамиз ва унинг шаҳар, туман бўлимларида вилоят спорт ишлари бошқармаси билан ҳамкорликда қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, унда амалга оширишимиз лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинган. 

Мазкур қарорнинг бандларидан бирига кўра, айнан Жиззах вилояти ҳокимлиги ва бошқармага бевосита Зомин тумани “Лочин” болалар ёзги дам олиш оромгоҳида ўқувчиларни спорт мусобақаларига тайёрлаш базасини ташкил этиш вазифаси юклатилган. Ана шу ўқув-машғулотлар базасини жорий йилнинг 1 майига қадар ишга туширишни режалаштирганмиз ва бу борада оромгоҳда изчиллик билан ишлар олиб борилмоқда. Ўқитувчиларимизнинг касбий салоҳиятини ошириш борасида ҳам бир қатор жуда муҳим бўлган ишлар амалга оширилмоқда. 

Ҳозирги кунда вилоятдаги жисмоний тарбия ўқитувчиларининг 309 нафари олий тоифа сертификатига эга эканлигини ҳам таъкидлаб ўтган бўлардим. 

Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, қатор мусобақалар ташкил этиш мақсадида барча умумтаълим мактабларида кўплаб спорт тўгараклари мунтазам фаолият юритиб келаётгани таҳсинга лойиқ. Тўгаракларда мавжуд ва янгидан очиладиган тўгаракларда спорт турларининг янада ривожланшига ва оммалашишига алоҳида эътибор қаратилиб, вилоят спорт бошқармаси билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Ўқитувчиларнинг касбий слоҳиятини ошириш ва уларни баҳолаш бўйича миллий баҳолаш тизими ҳам 2024-2025 ўқув йилидан ишга туширилади. Жорий йилнинг ўзида вилоят бўйича 60 фоиз жисмоний тарбия ўқитувчисининг касб маҳоратини ошириш мақсад қилинган. 

Булардан ташқари, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида бир қатор спорт турларини янада оммалаштириш мақсадида уч босқичли спорт мусобақалари белгиланган жадвалга асосан амалга оширилади. Спорт беллашувларини учта: мактаб – туман (шаҳар) – вилоят босқичлари даражасида ўтказиш юзасидан мактабгача ва мактаб таълими ҳамда спорт бошқармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Мухтасар қилиб айтганда, вилоятда давлатимиз раҳбарининг юқорида номи зикр этилган қарори ижроси доирасида ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар етарлича мавжуд. Лекин Жиззах вилояти жисмоний тарбия ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ошириш, ўқувчилар билан мактабларда ташкил этилган спорт тўгаракларида ишлаш механизмини тўлиқ йўлга қўйиш борасида муайян ишлар олиб борилаётир.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Y4xvits856s?si=BiTEQzv1IcTNroAV" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео, сурат), ЎзА