Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах маҳсулотлари Исломободда
15:45 / 2026-02-12

Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шериклик янги мазмун билан бойиб бораётган бир паллада Исломобод шаҳрида ўтказилган “Made in Uzbekistan” миллий кўргазмаси мамлакатимиз саноат салоҳиятини намоён этувчи муҳим майдонга айланди. Давлатимиз раҳбарининг Покистонга амалга оширган олий даражадаги расмий ташрифи доирасида ташкил этилган мазкур тадбир савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция алоқаларини чуқурлаштириш ва ўзаро товар айланмасини оширишга хизмат қилади.

Кўргазма павильонларида намойиш этилган маҳсулотлар орасида “BMB Holding” таркибидаги “BMB Za’faron” ва “BMB Impex” брендлари алоҳида эътибор қозонди. Энг муҳими, ушбу маҳсулотларнинг асосий қисми саховатли Жиззах заминида етиштирилиб, замонавий технологиялар асосида чуқур қайта ишлангани билан аҳамиятлидир. Бу — ҳудуд саноати салоҳиятининг амалий натижаси, маҳаллий хомашёдан юқори қўшилган қиймат яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Жиззах далаларида етиштирилган заъфарон ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш жараёнлари халқаро стандартлар асосида йўлга қўйилган. Шу боис уларнинг экологик тозалиги, сифат кўрсаткичлари ва экспортбоплиги хорижлик ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотди. Кўргазма доирасида компания вакиллари томонидан маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш босқичлари, логистика имкониятлари ва экспорт географияси ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Исломободда ўтган Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми эса амалий музокаралар учун самарали платформа бўлди. B2B форматдаги учрашувларда покистонлик йирик тадбиркорлар ва молиявий институтлар вакиллари билан истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди. Бу мулоқотлар нафақат товар етказиб бериш, балки қўшма ишлаб чиқариш ва инвестиция ҳамкорлигини йўлга қўйиш имкониятларини ҳам очиб берди.

Бугун Жиззахда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг халқаро кўргазмаларда муносиб намойиш этилаётгани — ҳудудларда амалга оширилаётган саноатлаштириш сиёсати, экспортни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликни рағбатлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. “Made in Uzbekistan” бренди остида тақдим этилган ҳар бир маҳсулот ортида меҳнат, замонавий технология ва юксак сифатга интилиш мужассам.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири