Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев бошчилигидаги делегация бир неча кундан буён хизмат сафари билан ушбу мамлакатда бўлиб турибди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Акмал Биноқуловнинг бизга Хитойдан хабар беришича, вилоят ҳокими раҳбарлигидаги делегация аъзолари хитойлик тадбиркорлар билан бир қанча келишув ва меморандумларни имзолашган.
Ушбу сафар чоғидаги илк меморандум “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси ҳамда “Qingdao Luhai Grain ва Oil Co., LTD” компанияси ўртасида имзоланган. Музокаралардан сўнг томонлар “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида трактор ва комбайнлар йиғиш заводини ташкил этишга келишиб олган.
Режалаштирилаётган ушбу завод майдони 20 минг квадрат метрни, очиқ майдон ҳам худди шунча ҳажмдаги ҳудудни ташкил этади. Мазкур лойиҳага асосан 20 от кучидан 400 от кучигача қувватга эга бўлган қишлоқ хўжалиги учун трактор ва комбайнлар ишлаб чиқариш назарда тутилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 600 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Сафар давомида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Хитойнинг Тянсзин мери ўринбосари Ли Венхай билан ҳам учрашган. Вилоят ҳокими музокаралар давомида вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий ва инвестиция салоҳияти ҳамда ҳудудларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари бўйича тушунчалар бериб, Жиззахнинг асосий драйвер соҳалари бўлган автомобилсозлик, текстиль, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳасида инвестиция лойиҳалари хусусида сўз юритган.
Хизмат сафари давомида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ижтимоий соҳаларда тажриба алмашинувини ташкил этиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилган.
Ўз ўрнида Тянсзин шаҳри мери ўринбосари жаноб Ли Венхай ҳам шаҳарнинг имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар бериб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳолади.
Жиззах вилояти делегацияси аъзолари Хитой Халқ Республикасининг Хебей, Гуанчжау, Ханчжау, Шандун провинциялари, Синдао шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-форум ва икки томонлама тадбирлар доирасида Жиззах вилояти делегацияси ва хитойлик тадбиркорлар ўртасида бир қатор меморандумлар ҳам имзоланганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Жумладан, туризмни ривожлантириш мақсадида соғломлаштириш маскани, замонавий меҳмонхона, экобоғ ва спорт мажмуаси барпо этиш, замонавий автомобиллар ишлаб чиқариш,мебель ишлаб чиқариш, металлургия соҳасида метални қайта ишлашни ташкил этиш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, турли хил дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича келишувларга эришилди.
Мухтасар айтганда, Президентимизнинг Хитой Халқ Республикасига кутилаётган олий даражадаги ташрифи олдидан хитойлик тадбиркорлар билан муҳим, ҳар икки томонлама манфаатли келишув ҳужжатлари имзоланди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири